12:49 | 26.11.22

                       

Ўзбекистон тоғларидаги 1 тн тупроқда қанча олтин борлиги маълум қилинди

Сурхондарё ва Қашқадарё ҳудудларидан қалинлиги 11 метргача бўлган олтин маъдан таналари аниқланди

Ўзбекистон ҳудудаги тоғ-конларда амалга оширилган геологик қидирув натижасида 1 тонна тупроқда 1 граммдан 4,22 граммгача олтин борлиги аниқланди, деб хабар беради ЎзА.

Қайд этилишича, «Ўзбек геология қидирув» АЖ томонидан ҳудудларда геология-қидирув ишларини жадал амалга ошириш, республика минерал-хом ашё базасини ривожлантириш борасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, «Ҳисор» дала геология қидирув экспедицияси Ўзбекистон тоғ-кон ҳамда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудларини ўз ичига олган ҳудудларда қаттиқ норуда фойдали қазилмаларини ва қора металларга комплекс геология қидирув ишларини олиб бориляпти.

Маълумотларга кўра, «Яхтон» конининг чуқур горизонтларида 2019 йил геологик қазиш ишлари бошланган. Ҳозирда 10 дан зиёд махсус техника ёрдамида 40 дан ортиқ малакали мутахассислар белгиланган режага мувофиқ ер ости тоғ лаҳм ўтиш ишларини олиб бормоқда.

Ҳозирги кунда «Яхтон» конининг чуқур горизонтларида магматик тоғ жинслари билан боғлиқ минераллашган зоналарда олтин ва вольфрам қидирув ишлари олиб борилмоқда. Олиб борилган геологик қидирув ишлари натижасида 1 тонна тупроқдан 1 граммдан 4,22 граммгача олтин, қалинлиги 11 метргача бўлган 20 дан ортиқ олтин маъдан таналари аниқланган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2022 йил 1 май ҳолатига кўра 35,9 миллиард долларни ташкил қилганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2022 йил 1 апрель ҳолатига кўра, 35 миллиард 155,5 миллион долларни ташкил этиб, март ойига нисбатан 205,1 миллион долларга камайганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: