22:53 | 31.01.24

                       

2024 йилнинг феврал ойида Ўзбекистонда қандай об-ҳаво бўлиши маълум бўлди

Дастлабки ойлик прогнозлар эълон қилинди.

Ўзбекистонда феврал ойида қандай об-ҳаво бўлиши ҳақида «Ўзгидромет» маълумот берди.

Унга кўра, феврал ойи одатдагидан бироз илиқроқ бўлади. Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда, баъзи жойларда меъёрдан 1-1,5 даражага юқори бўлиб, +2…+4 даража илиқни, шимолда -2 даража совуқ ва +1 даража илиқни, жанубда +6…+8 даража илиқни ташкил этади.

Феврал ойининг боши нисбатан совуқ бўлади. Биринчи беш кунликда ҳаво ҳарорати асосан кечалари 0…-5 даража совуқ, кундуз кунлари +2…+7 даража илиқ, баъзи жойларда 0…-2 даражагача совуқ бўлади. Ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик 1 феврал ва 4 феврал кунлари республиканинг марказий ва шарқий вилоятларида, 3 февралда жанубий вилоятларида бўлиб ўтади.

Иккинчи беш кунликда ҳарорат кечалари 0…+5 даража илиққача, кундуз кунлари +8-…+13 даража илиққача кўтарилади. 7-8 феврал кунлари асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Кейинчалик, ойнинг охиригача, ҳарорат кечаси +2…+7 даража илиқдан -2…-7 даража совуққача, кундуз кунлари +13…+18 даража илиқдан +2…+7 даража илиққача, шимолда кечалари 0…+5 даража илиқдан -7…-12 даража совуққача, кундуз кунлари +11…+16 даража илиқдан 0…+5 даража илиққача ўзгариб туради. Феврал ойида ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистонда феврал ойи -15 даражагача совуқ билан бошланиши, ойнинг дастлабки беш кунлигида Тошкент ва Наманганда қор кўчиши мумкинлиги ҳақда хабар берилганди.