11:14 | 13.10.23

                       

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси фуқароларни огоҳлантирди

Мамлакатдаги вазият оғирлиги сабабли фуқаролардан заруратсиз яшаб турган жойларини тарк этмаслик сўралган.

Олдинроқ, Исроил-Фаластин можаросида Ўзбекистон фуқаролари асирга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалиб, бунга Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси расмий муносабат билдирганди. Шунингдек, элчихона ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга кетиш истагида бўлганлар бемалол авиачипта олиб учишлари мумкинлиги, авиарейслар бекор қилинмаганини маълум қилганди.

Кеча, 12 октябр куни эса Исроилда ички вазият мураккаб тус олаётганлиги туфайли Тел-Авивдаги Ўзбекистон элчихонаси ушбу мамлакат ҳудудидаги фуқароларни огоҳлантирди. Бу хақда элчихона расмийлари хабар берди.

«Мамлакатдаги ички вазият мураккаб тус олаётганлиги туфайли сизлардан яна бир бор ўз хавфсизлик чора-тадбирларини кўришингизни сўраймиз. Ушбу зиддиятли кунларда содир бўлиши мумкин бўлган оммавий чиқишларда жабрланишнинг олдини олиш учун заруратсиз яшаб турган жойингизни тарк этмасликни тавсия қиламиз» дейилган элчихона хабарида.

Шунингдек, элчихона консуллик бўлимининг ишонч телефонларини ҳам ҳавола қилган.

1) 03-672-2466
2) 03-672-2371
3) 03-758-5075
4) 03-758-5076

Фавқулодда ҳолатларда ва шошилинч хабарлар учун:
972 54 485 1397

Маълумот учун, олти кундан буён ҲАМАСнинг Исроил шаҳарларига ҳужуми давом этмоқда. Ўз навбатида, Исроил ҳам Ғазони тўлиқ блокада қилиш, ушбу ҳудудни барча таъминот воситаларидан узиб қўйишини эълон қилди ҳамда сектордаги бир қанча ҳудудларга зарбалар берди. Орадан вақт ўтиб, Исроил ташқи ишлар вазирлиги Исроил-Фаластин можаросида қайси давлатларнинг фуқаролари ҳалок бўлганини маълум қилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: