23:00 | 12.05.22

                       

Харьковга ҳужум, Финляндияни «огоҳлантира бошлаган» Россия, Зеленский сурати туширилган маркалар

Bugun.uz Россия–Украина урушининг 12 май кунги воқеалари ривожи тўғрисида маълумот беради

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 12 май куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Reuters»

Siemens компанияси Россиядаги фаолиятини тўхтатганини эълон қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

«Компания Россиядаги ишлаб чиқариш ва барча тадбиркорлик фаолиятини тугатиш бўйича ишларни бошлади», дейилади компания баёнотида.

Рус қўшинлари 11 май куни Харьков вилоятини ўққа тутди. Бу ҳақда вилоят администрацияси хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари, уч киши яраланган. Кун давомида россияликлар Дергачи шаҳрига бир нечта ракета тизимларидан ўқ узган, Харьков шаҳрининг ўзига зарар етмаган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Финляндияни NATO’га қўшилган тақдирда нима бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Баёнот вазирлик матбуот хизмати томонидан эълон қилинган.

Унда Финляндия расмийларининг ҳарбий блокка қўшилиш нияти «мамлакат ташқи сиёсатидаги туб ўзгаришлар» деб аталган.

«Финляндиянинг NATO’га қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, икки томонлама Россия–Финляндия муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия бу борада ўз миллий хавфсизлигига қарши юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади… Биз вазиятга қараб жавоб берамиз», дейилади баёнотда.

Финляндия президенти Саули Ниинистё Россия раҳбари Владимир Путин уларнинг NATO’га қўшилишига сабаб бўлаётганини айтди.

Саули Ниинистё Британия бош вазири Борис Жонсон билан қўшма матбуот анжуманида бу бўйича маълумот берган. У алянсга аъзо бўлиш биринчи марта муҳокама қилинмаётгани ва Путин уларнинг NATO’га киришига туртки бўлганини айтган. Шунингдек, Украинадаги уруш ҳам бунга сабаб бўлгани таъкидланган.

Буюк Британия Финляндия ва Швеция билан шартнома имзолаган, энди уларга ҳужум қилинган тақдирда, мамлакат қуролли кучлари бир-бирини қўллаб-қувватлайди. «Бу қисқа муддатли вақтинчалик чора эмас, балки ҳарбий алоқалар, глобал барқарорлик ва келажакда Европанинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддатли мажбуриятдир», — деган Жонсон.

Польшада Владимир Зеленскийга атаб почта маркалари чоп этилди. Бу ҳақда Украина Олий Радаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Украина Олий Радаси матбуот хизмати

Маълум бўлишича, маркалар жами 99 дона варақда чиқарилган. Уларнинг ҳар бири 500 Польша злотийси эвазига (таҳминан 1 миллион 245 минг сўм) бир неча соат ичида сотилган. Таъкидланишича, маркаларни сотишдан тушган маблағнинг барчаси Украинага инсонпарварлик ёрдами юбориш учун сарфланади.

Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши фонида АҚШ Украина билан разведка маълумотларини алмашиш бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқди. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар берди.

Маълум бўлишича, бу қарор АҚШ томонидан Россия билан муносабатларда кескинлик кучайишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

Тақиқ разведка маълумотларини алмашиш, Украинага ўз чегараларидан ташқарида Россия объектларига ҳужум қилишга ёрдам берадиган ҳар қандай маълумотни назарда тутади. Бундан мақсад АҚШни Украина Россия ичида амалга ошириши мумкин бўлган эҳтимолий ҳужумларда иштирок этмаслиги.

Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан урушни мамлакатнинг бутун ҳудудлари қайтарилгандан кейингина тугатиш мумкинлигини айтди.

Президент Париждаги Сиёсий тадқиқотлар институтининг француз талабалари билан видеомулоқотда бу бўйича гапирган.

«Биз ўзимизга тегишли бўлган ҳамма нарсани қайтариб олсак, урушни тугатамиз. Агар Украина ҳужумдан олдин NATO’да бўлганида эди, бундай уруш бўлмасди. Уруш Украина халқига тегишли нарсалар қайтариганида тугайди. Бу тўғри, очиғини айтаман: бизга ортиқча нарса керак эмас. Юртимизга, еримизга тинчлик қайтишини хоҳлаймиз. Россия ўз навбатида барча ҳуқуқларимизни тортиб олди: еримизга бўлган ҳуқуқ, танлов ҳуқуқи», — деган президент.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Украина ўзининг яшаш ҳуқуқи учун курашмоқда, шу билан бирга энг яхши украиналикларни йўқотмоқда. Зеленский Россия ўз қарорларининг хавфли бўлганини тан олган ва жиноятлари учун адолатли жазо олишга тайёр бўлгандагина у билан самарали музокаралар олиб бориш мумкинлигини айтган.

«Бироқ Буча, Ирпен ва Мариуполда бўлгани каби, озод қилинган қишлоқда тинч аҳолини оммавий қатл қилиш ҳолатлари Россия билан мулоқот камаётганини билдиради. Аммо музокаралар давом этса ҳам, у Россиядек ультиматумлар эмас, балки мулоқот форматида ўтказилиши керак», — деган Зеленский.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: