21:00 | 27.06.22

                       

Бугун оқшоми. ОАВ ходимлари куни, аномал иссиқлик, болалардаги биринчи маймунчечак

@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Даҳшатли даҳшат ва бу фақат бошланиши: Ушбу ҳафтада иқлимий қийматлардан 5–7 даражага юқори бўлган ҳарорат билан аномал иссиқ сақланиб туради.

«Ўзгидромет» ахборотига кўра, дам олиш кунлари мамлакатимиз ҳудудига Эрондан жуда иссиқ ҳаво кириб келиши бошланган. Кундузи ҳарорат 38–41 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 42–44 даражагача кўтарилди. Ушбу ҳафтада иқлимий қийматлардан 5–7 даражага юқори бўлган ҳарорат билан аномал иссиқ сақланиб туради.

Фото: «Bugun.uz»

Кечалари 23–26 даража, кундуз кунлари 39–42 даража, республика жанубида ва чўл ҳудудларида 43–45 даража бўлади. Фақат жума куни иссиқ бироз пасаяди. Республика ҳудудининг катта қисмида ҳарорат 37–40 даража атрофида бўлади.

Метеоролог Эркин Абдулаҳатов ўз Telegram каналида бугунги об-ҳаво ҳақида пост қолдирди. Унга кўра, бугун соат 10:20 дан бошлаб пойтахтда 36,6 даражадан кўтарилган ва бу ҳаво ҳарорати инсон ўртача тана ҳароратидан юқори бўлиб, инсон танаси кўп сув йўқотади. Шу сабабли бундай пайтда кўпроқ сув ичиш керак. Шундай қилинг.

Тошкентда салкам 2 тонна гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилди. «Bugun.uz» мухбири жараёнда иштирок этди.

Тошкент шаҳри Сергели туманидаги заводлардан бирида 1,9 тонна гиёҳвандлик воситалари хусусан, 133,7 килограмм героин, 159,4 килограмм опий, 1 тоннадан ортиқ гашиш, 300,7 килограмм марихуана, 79,8 килограмм кўкнор, 247,1 килограмм каннабис ҳамда турли хилдаги психотроп ва психофаол моддалар ёқиб йўқ қилинган.

Қўшимча қилинишича, гиёҳвандлик воситаларини етиштириш бўйича жаҳонда биринчи ўринларда турадиган давлатлардан саналган Афғонистон билан чегарадошлик Ўзбекистондаги нарковазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Халқаро экспертларнинг маълумотларига кўра, 2021 йилда Афғонистонда кўкнор етиштириладиган майдонлар 177 000 (224000) гектарни, ишлаб чиқарилган опий миқдори эса 6800 (6300) тоннани ташкил этган.

Бугун — 27 июнь — Матбуот ва ОАВ ходимлари куни. Шавкат Мирзиёев ОАВ вакилларининг бир гуруҳини мукофотлади, соҳани ривожлантириш бўйича қарор имзолади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент ОАВ вакилларининг бир гуруҳини «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени, «Дўстлик» ордени, II даражали «Соғлом авлод учун» ордени, «Соғлом турмуш» медали, «Содиқ хизматлари учун» медали, «Келажак бунёдкори» медали ва «Шуҳрат» медали билан мукофотлади. Тақдирланганларнинг тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Бу кунда «Bugun.uz» жамоаси, умуман, умумий компания — «MediaNews» компанияси учун ҳам муҳим ҳодиса содир бўлди. Гап шундаки, «Media News» масъулияти чекланган жамияти директори ўринбосари Бекзод Нугманов ҳам «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Шавкат Мирзиёев «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унга кўра, оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди (реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари бундан мустасно). Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб «Олтин қалам» бош миллий мукофот учун автомобиль берилиши белгиланди.

Бундан ташқари, соҳанинг ривожи учун бошқа муҳим бошқа муҳим бандлар ҳам белгиланган — улар билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин. Шунингдек, Президент ОАВ вакилларига табрик йўллади. Табрик матнини бу ерда ўқишингиз мумкин.

«Bugun.uz» жамоаси ўз ҳамкасбларини табриклаган ҳолса, сана муносабати билан тайёрланган видеони тақдим этади.

Хўш, оламда нима гап?

Болалар орасида илк марта маймунчечак Францияда аниқланди. Ҳозирда унда касалликнинг оғир белгилари йўқ.

Фото: «Africanian.news»

Касаллик бутун дунё бўйлаб илк марта болалар орасида Франциянинг бошланғич синф ўқувчисида аниқланган. Бемор кузатув остига олинган, даволанмоқда. Ҳозирда унда касалликнинг оғир белгилари йўқ экани айтилган.

Маълумот учун, Францияда маймунчечак илгари фақат катталарда қайд этилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, мамлакатда 330 та инфекция ҳолати тасдиқланган.

Мaдриддаги саммит олдидан: NATO етакчилари Болтиқбўйи давлатлари ва Украинага ёрдам беришга ваъда бермоқда.

Россиянинг Украинага бостириб киришининг бешинчи ойида NATO етакчилари Болтиқбўйи давлатлари ва Украинага ёрдам беришга ваъда бермоқда. Бундай қарор 28-30 июнь кунлари Мадриддa бўлиб ўтадиган саммитда қабул қилинади (дея хабар бермоқда «Reuters»).

Фото: «Reuters»

Дипломатлар альянс етакчилари Украинага ҳарбий ёрдамни ошириш, мудофаа учун қўшма харажатларни кўпайтириш, Хитойнинг ҳарбий кучайишига қарши курашиш ва Болтиқбўйи давлатларини ҳимоя қилиш учун қўшимча қўшинлар жойлаштириш борасида келишиб олишини айтган.

Саммитда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Финляндия ва Швециянинг NATO’га қўшилиш бўйича аризаларига қўйилган ветони бекор қилишга чақириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Австралия, Янги Зеландия, Япония ва Жанубий Корея раҳбарлари АҚШнинг Хитойга қарши туриш учун Ҳинд-Тинч океанидаги Ғарб иштирокини кенгайтириш стратегиясининг бир қисми сифатида саммитда иштирок этиши кутилмоқда.

Германия, агар Россия NATO ҳудудини эгаллаб олишга уринса, Литвани ҳимоя қилиш учун қўшимча қўшинлар тайёрлашини аллақачон маълум қилган. Буюк Британия Эстония учун ҳам шундай қилиши кутилмоқда, Латвия эса Канада уларга қўшимча қўшинлар етказиб беришини кутмоқда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: