15:41 | 29.11.22
Буйрак кўчириш операцияси 6 соатдан ортиқ вақт давом этган
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Хоразм филиалида мураккаб трансплантация амалиёти — буйрак кўчириб ўтказиш операцияси бажарилди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, бемор Даврон Ражабов — Боғот туманидан. У кўп йиллардан бери буйрак етишмовчилигидан азият чекиб келган. Сўнгги пайтларда эса аҳволи янада оғирлашган. Шифохонага мурожаат қилганида мутахассислар унга сўнгги чора сифатида трансплантация амалиётини тавсия этган.
Донорлик учун турмуш ўртоғи — Камола Саъдуллаеванинг тиббий таҳлил натижалари мос келган. Аёли эрига бир буйрагини беришга қарор қилган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва вилоят филиали жарроҳлари ўзаро ҳамкорликда ўтказган операция 6 соатдан ортиқ давом этган.
«Ҳозир беморнинг ҳам, донорнинг ҳам аҳволи яхши. Ҳар иккисида тегишли стандартлар асосида тиббий муолажалар давом эттирилмоқда. Ушбу буйрак трансплантацияси вилоятда ўтказилган шу турдаги саккизинчи ноёб амалиётдир», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистонда инсон аъзоларини трансплантация қилишга мажбурлаганлик учун жавобгарлик белгиланганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: