Қуйида қайси давлатлар Киевга қанча миқдорда ва қандай ёрдам беришни ваъда қилгани тўғрисида маълумотлар
Сўнгги кунларда Ғарб давлатлари Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича кўплаб баёнотлар билан чиқмоқда. Қуйида қайси давлатлар Киевга қанча миқдорда ва қандай ёрдам беришни ваъда қилгани тўғрисида маълумотлар келтирилган.
- АҚШ Украинага 31 та M1 Abrams танкларини юборади, бу «битта Украина батальони эквивалентига» тенг, бироқ ҳарбий техникалар мамлакатга август ойида етиб келади;
- Британия — март охирларида 14 та Challenger 2 танкларини тақдим этади;
- Германия март охирига қадар Украинага 14 та Leopard 2 танкини юборади;
- Норвегия ҳам, шунингдек, Leopard 2 танкларини беради, аммо уларнинг сони маълум эмас (тахминларга кўра, 8 та). Мазкур режага Португалия ва Канада ҳам қўшилган (5 тагача);
- Эстония Украинага 113 миллион евролик гаубицалар, снарядлар ҳамда ҳарбий техникаларни ажратади;
- Латвия «Стингер» зенит-ракета мажмуаларини, иккита «Ми-17» вертолётини ва жанговар ўқ-дориларни тақдим этади;
- Швеция 50 та CV90 жанговар машиналарини, Archer ўзиюрар артиллерия қурилмалари ва NLAW танкка қарши бошқарилувчан ракеталарни жўнатади:
- Канада 200 та Roshel Senator APS зирҳли автомобиллар ва 4 та Leopard 2 танкини беради;
- Польша бош вазири ҳам Леопард 2 дан ташқари РТ-91 танкларини юборишини маълум қилган. Польша Украинага 250 та танк етказиб берган биринчи давлат ҳисобланади. Ҳозирда мамлакат 60 та РТ-91, шунингдек, 14 та Leopard 2 танкларини юборишга тайёр;
- Испания ҳам Украинага Leopard’ларни юборишга тайёрлигини билдирган. Аммо мамлакат мудофаа вазири уларнинг сонига аниқлик киритмаган.
Шунингдек, Европа Украинага реактив қирувчи самолётлар юбориш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, декабрь охирларида АҚШ Украинага 1,85 млрд долларлик янги ёрдам пакетини расман эълон қилганди. Шунингдек, АҚШ Украинага Stryker зирҳли транспортёрларини етказиб бериши маълум бўлган.