16:54 | 28.08.23

                       

Ўзбекистонда фан-таълим соҳасидаги бўш иш ўринлари сони 74 фоизга кўпайган – HeadHunter

Шунингдек, ўқитувчиларга таклиф этилаётган ўртача маош 16,5 фоизга ошган.

Ўзбекистонда фан-таълим соҳасидаги бўш иш ўринлари сони ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 74 фоизга кўпайган. Бу ҳақда HeadHunter Bugun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларидаги иш қидириш ва ходимларни ёллаш бўйича етакчи онлайн платформалардан бири HeadHunter ўз веб-сайтига жойлаштирилган иш берувчиларнинг бўш иш ўринлари ва ишга жойлашиш учун талабгорларнинг резюмеларини таҳлил қилиш асосида мамлакатнинг таълим соҳасидаги меҳнат бозори статистикасини шакллантирган.

Унга кўра, платформага жойлаштирилган бўш иш ўринларининг аксарияти турли хусусий мактаблар ва қўшимча таълим марказларига тегишли бўлиб, чет тили ва дастурлаш ўқитувчилари, шунингдек, ижодий фанлардан дарс берувчи кадрларга алоҳида талаб мавжудлиги қайд этилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда фан-таълим соҳасидаги бўш иш ўринлари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 74 фоизга, фаол резюмелар сони эса уч бараварга кўпайган. Аммо бу қадар катта ўсиш ҳам соҳада кадрлар етишмовчилигини қопламайди. Чунки кўпинча потенциал ўқитувчилар паст маош берилишидан чўчийди.

HeadHunter статистикасига кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда ўқитувчи ва репетиторларга таклиф этилаётган ўртача маош 3,5 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 16,5 фоизга кўп демакдир. Энг юқори иш ҳақи Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларида бўлиб, уларда ўқитувчилар 30 миллион сўмгача маош олади. Шунингдек, пойтахтдаги хусусий мактабларнинг бошланғич синф ўқитувчилари 10 миллион сўмгача, инглиз тилидан дарс берувчилар эса 25 миллион сўмгача ойликка эга.

Айни пайтда Ўзбекистонда энг жозибали вакансия инглиз тили ўқитувчилиги бўлиб, Тошкент шаҳридаги ўқув марказлари бундай кадрлар учун 16,5 миллиондан 33 миллион сўмгача тўлашга тайёр. Бунинг учун, асосан, IELTS’дан 7 ва ундан юқори балл тўплаганлик, икки йиллик иш тажрибаси ва ўзбек ҳамда рус тилларини билиш талаби қўйилмоқда.

Шунингдек, HeadHunter келгуси беш йил ичида таълим соҳасида пайдо бўлиши мумкин бўлган янги касблар ҳақида ҳам маълумот берган:

1. Mind-фитнес бўйича мураббий

Мутахассислар ўртасидаги рақобатнинг кучайиши уларнинг ақлий қобилиятини оширишга нисбатан эҳтиёжини оширади. Mind-фитнес мураббийлари эса хотира, ўқиш тезлиги, оғзаки ҳисоблаш, диққатни жамлаш ва бошқа хусусиятларни ривожлантириш учун дастурларни ишлаб чиқади. Шунга ўхшаш когнитив ривожланиш марказлари АҚШда аллақачон очилган.

2. Модератор

Ушбу касб социология, психология ва маркетингда кенг тарқалган. Модератор тақдимотчи сифатида ўқувчилар билан муҳокамалар ва баҳс-мунозаралар олиб боради. Бу уларга ўзларини намоён қилишга ёрдам беради ва муҳокама қилинаётган мавзуга нисбатан қизиқишни оширади. Мазкур амалиёт яқинда Россия таълимида ҳам қўлланила бошлади. Вақт ўтиши билан модератор аксарият таълим ташкилотларининг ажралмас қисмига айланиши мумкин.

3. Онгни бошқариш воситалари ишлаб чиқувчиси

Замонавий ритмдаги ҳаёт инсоннинг самарали фаолият юритишига салбий таъсир қилади. Бу муаммони онгни бошқариш бўйича мутахассислар ҳал қилиши мумкин. Улар мижозга ҳис-туйғуларини бошқаришни ўргатиш учун махсус дастурлар ва воситаларни яратиш билан шуғулланадилар. Ишлаб чиқилган қурилмалар одамга онгни самарали ҳолатга келтиришга имкон беради, масалан, диққатни кучайтиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ HeadHunter Ўзбекистонда тажрибасиз мутахассислар ўртача беш миллион сўм маош олишни исташини маълум қилганди. Шунингдек, мамлакатда руҳий саломатлик бўйича мутахассисларнинг маоши 50 фоизгача оширилиши ҳақида хабар берилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: