17:11 | 29.08.23

                       

Ўқитувчиларни танлов асосида қабул қилишдан тортиб ўқувчиларга бепул тарқатиладиган йод препаратларигача – таълим тизимида қандай ўзгаришлар бўлади?

Bugun.uz Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселекторда айтилган асосий янгиликларни жамлади.

Кеча, 28 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактабларда таълим сифатини янада ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб шароит яратиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Қуйида йиғилишнинг асосий тафсилотлари билан таништирамиз.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда мингдан ортиқ ўқитувчи 10 миллион сўмдан юқори маош олади

Видеоселекторда таъкидланганидек, ўтган даврда муаллимларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 2,5 бараварга ошган. Жумладан, чет тили, IT, математика, кимё, биология бўйича миллий ва халқаро сертификати бор ўқитувчиларга устама, чекка ҳудудга бориб ишлаган муаллимларга алоҳида тўлов жорий этилган.

Натижада 6 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача маош оладиган ўқитувчилар сони 23 мингга етган, 10 миллион сўмдан юқори ойлик олувчилар 1 мингдан ошган. Яна 2 мингга яқин ўқитувчиларга вазир жамғармасидан қўшимча устамалар тўланмоқда.

Марказий Осиёда илк бор эришилган ютуқ

Қадй этилишича, 2023 йилда Тошкентдаги 81-мактаб ва Ал-Хоразмий ихтисослашган мактаби Халқаро экомактаб дастурининг олий мукофотини қўлга киритган. Ушбу ютуққа бундан аввал Марказий Осиёдаги бирорта мактаб эришмаган.

37 фоиз муаллимнинг билими «қониқарсиз» баҳоланган

2022 йилда мамлакатдаги 220 минг ўқитувчидан 86 минг нафари ёки 37 фоизининг билим ва кўникмаси «қониқарсиз» баҳоланган. Айниқса, ҳозирда талаб юқори бўлган информатика, физика, инглиз тили, математика ва кимё фани ўқитувчиларининг билими «қониқарсиз» экани аниқланган.

Ёки, 51 минг нафар чет тили ўқитувчиларидан 17 минг нафари (33 фоизи) «C-1» даражасига эга. Ваҳоланки, 2025 йилдан бошлаб чет тилидан фақат «С-1» даражаси бор ўқитувчилар дарс ўтиши мумкин бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, республика бўйича 107 та тумандан талаба бўлганлар олийгоҳга кириш имтиҳонларида математика бўйича максимал баллнинг ярмини ҳам йиға олмаган. Физика, кимё ва биология бўйича натижалар ҳам ҳавас қиларли эмас.

Ҳозирнинг ўзида 350 минг ўқувчи ўрнига талаб бор

Йиғилишда айтилишича, ўтган 320 минг хонадонли янги уй-жой барпо этилгани билан уларга мос қувватдаги мактаблар қурилмаган. Янги қурилган массив ва маҳаллаларда ҳозирнинг ўзида 350 минг янги ўқувчи ўринларига талаб борлиги таъкидланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнгги йилларда 70 минг ўринли 350 та хусусий мактаб ташкил этилган (2018 йилгача жами 30 та бўлган).

Тошкент шаҳри ва Фарғонада хусусий мактаблар салмоғи қолган ҳудудлардан анча юқори. Лекин Навоийда атиги 3 та, Сурхондарёда 4 та, Сирдарёда 7 та хусусий мактаб бор. Ёки, қўшимча 150 минг ўқув ўрнига эҳтиёжи бўлган Самарқандда бор-йўғи 6 минг 300 ўринли 35 та хусусий мактаб ишлаётгани маълум қилинган.

Шу боисдан, ҳокимларга мактаб инфратузилмасини яхшилаш бўйича бош қотириши кераклиги кўрсатиб ўтилган. Масалан, мактабларни таъмирлашга бу йил маҳаллий бюджетдан 135 миллиард сўм ажратилган бўлса, 31 та туман ва шаҳарда ҳокимлар ушбу мақсадлар учун маблағ ажратмаган.

Барча вилоятлар мактаб таълими бошқармаси раҳбарлари тажриба ўрганиш учун Оқдарё туманига бир ҳафтага боради

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги 32-мактабда тадбиркорлар билан ҳамкорликда ўқувчиларни касбга ўқитиш тажрибаси йўлга қўйилган. Мактабда ўқувчилар 7-синфдан бошлаб маҳалла ва туманда талаб юқори бўлган ветеринар, агроном, мева-сабзавот қуритиш, ипакчи, мебелчи, автомобиль устаси каби 15 та касб-ҳунарга ўргатилади. Шунингдек, уларга 2 та чет тили ҳам ўқитилади. Бу ишлар маҳаллий бюджет ва тадбиркорлар ҳисобидан ташкил қилинган бўлиб, ўқувчилар бу ерда иш ҳақи ҳам олади.

Шу мақсадда, барча вилоятлар мактаб таълими бошқармалари раҳбарлари Оқдарёга бориб, бир ҳафта давомида ушбу тажрибани ўрганиши шартлиги таъкидланган. Самарқанд вилояти ҳокимига кейинги ўқув йилига қадар вилоятдаги ҳар бир туманда 10 тадан мактабда бу тизимни жорий қилиш, қолган вилоят ҳокимларига йил якунигача ҳар бир туманда камида иккитадан мактабда ушбу тажрибани йўлга қўйиш топширилган.

Барча мактабларда Президент ва ихтисослашган мактабларнинг ўқув дастури жорий қилинади

Таълим сифатини ошириш мақсадида республика бўйича 500 та мактабда Президент ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури, баҳолаш тизими жорий этилади. Бунда Президент ва ихтисослашган мактаблар уларга “таянч мактаб” бўлади.

Бир йилда уларнинг иши баҳоланиб, янги тизимни самарали қўллаган ўқитувчиларга 40 фоизгача устама берилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирига вилоят ҳокимлари билан бирга келаси йилдан ушбу 500 та мактабнинг ҳар бирига 3 тадан мактабни бириктириб, янги тизимни йўлга қўйиш топширилди. Бу ишлар орқали яна 1,5 мингта мактабга Президент ва ихтисослашган мактаблар методикаси, муҳити кириб боради.

Умуман, келгуси беш йилда ушбу тизим барча мактабларда жорий қилиниши белгиланди.

Бу йилда мактабларда дарс бериш учун хориждан 500 нафар “тил эгалари” олиб келинди. Янги тизим жорий қилинадиган мактаблар кўпайишини ҳисобга олиб, келгуси йилда яна 1,5 минг мутахассис олиб келинади.

Мактабларга 40 мингта янги компьютер олиб берилади

Республикадаги мактабларни компьютер синфлари билан жиҳозлашга республика бюджетидан 320 миллиард сўм ажратилиб, мактабларга 40 мингга яқин компьютерлар олиб берилиши белгиланган.

Бунинг учун янги ўқув йилидан республика бюджетидан 200 миллиард сўм, маҳаллий бюжетлардан яна 200 миллиард сўм ажратилади.

Юқори синфда ўқитиладиган фанлар сони қисқартирилади

Йиғлишда эълон қилинганидек, келгусида юқори синфда ўқитиладиган фанлар сони 16 тадан 11 тага қисқартирилади. Олийгоҳга киришга иштиёқи бор бўлган 10-11 синф ўқувчиларига «кимё – биология», «математика – физика», «математика – чет тили», «она тили ва адабиёт – чет тили» фанлари уларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитилади.

Касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги ўқувчиларга эса мактабнинг ўзида тайёр мутахассис бўлиб етишиб чиқиш имконияти яратилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига сентябрдан бошлаб ушбу тажрибани салоҳияти ва тайёргарлиги бор 135 та мактабда йўлга қўйиш топширилган. Келгуси ўқув йилидан камида мингта мактаб шу тизимга ўтказилади.

Бошланғич синфда компьютер саводхонлиги, юқори синфда молиявий саводхонлик ўргатилади

Дарсларнинг мазмуни ҳам ўзгариши таъкидланган. Бунда 1-синфдан компьютер саводхонлиги, юқори синфларда молиявий саводхонлик дарслари жорий этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, бу йил мактаб дарсликларига бюджетдан 920 миллиард сўм ажратилган, бошланғич синфлар учун тўлиқ янги дарсликлар ишлаб чиқилган.

Бошланғич синфлар учун тайёрланган дарсликларнинг иккинчи қисмини ҳам тўлиқ ҳажмда чоп этишга топшириқ берилган.

Ўқув дастурига қўшимча янги фанларни киритиш тақиқланади

Эндиликда ўқув дастурларига қўшимча янги фанларни киритиш тақиқланади. Барча янги таклифлар мавжуд фанларга интеграция қилиниб тайёрланади.

Шунингдек, барча фанларда миллий ғурур, ифтихор, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ватанпарварлик ғоялари тарғиб қилиниши шартлиги қайд этилган.

Ўқувчиларга йод препаратлари бепул тарқатилади

Видеоселекторда айтилишича, бундан уч йил аввал 15 ёшгача бўлган ўқувчиларга йод, витаминлар ва гижжага қарши дорилар тарқатиш амалиёти йўлга қўйилган. Натижада болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишига таъсир кўрсатадиган қалқонсимон без касалликлари камая бошлаган.

2023 йилда ҳам мактаб ўқувчиларига йод препаратларини бепул тарқатиш давом эттирилиши маълум қилинган. Масъулларга сентябр ойидан бу ишларни тизимли ташкил қилиб, ота-оналар ва ўқувчилар орасида йод истеъмолининг фойдали хусусиятларини кенг тарғиб қилиш топширилган.

Ўқитувчилар ишга танлов асосида қабул қилинади

Таъкидланишича, бундан буён ўқитувчиларни ишга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади. Илк бор қабул қилинган номзодлар 1 йил ўқитувчи-стажёр бўлиб ишлайди ва йил якуни билан касбий сертификат олиши лозим бўлади.

Келгусида бу тизим барча ўқитувчилар учун босқичма-босқич жорий қилинади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига Сингапур ва Бирлашган Араб Амирлиги тажрибаси асосида педагог кадрларга касбий сертификат бериш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси топширилган.

Паст натижали ўқитувчиларнинг ўқиган олийгоҳига эътироз юборилади

Эндиликда ўқитувчиларнинг малакаси табақалашган ҳолда оширилади. Яъни, малака оширишдан олдин ўқитувчининг билими диагностикадан ўтказилади ва натижасига кўра индивидуал касбий ривожланиш йўналишлари белгиланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бунда муаллимнинг билим кўрсаткичлари баҳоланади ва паст натижа олганлари бўйича ўзи ўқиган олийгоҳга рекламация (эътироз) юборилади.

Бу натижалар педагогик олийгоҳлар фаолияти учун ҳам баҳо бўлади. Паст натижа кўрсатган ўқитувчилар анъанавий усулда, юқори натижага эришганлари онлайн шаклда малака оширади.

Вилоят ҳокимларига 14 та малака ошириш марказини таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича дастур қабул қилиб, амалий ишларни бошлаш топширилган. Йил якунигача ҳудудий марказлар бошқарувига хорижий мутахассислар олиб келиниши маълум қилинган.

Ўқитувчиларга малака тоифасини бериш икки босқичда амалга оширилади

Муаллимларга малака тоифасини бериш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда педагогнинг билими дастлабки имтиҳонда баҳоланиб, 70 фоиздан кўп балл тўплаганлар иккинчи босқичга ўтади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Иккинчи босқичда илғор педагогик технологияларни қўллаши, ўқувчилар билан ишлаш методикаси ва баҳолашдаги ёндашувлари текширилади, билим ва маҳорати натижаларига қараб, муаллимга малака тоифаси берилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига йил якунига қадар янги тажрибани ўқитувчиларнинг билим даражаси паст бўлган 20 та туманда синовдан ўтказишга топшириқ берилган.

Олий таълим вазирининг педагогик таълим бўйича ўринбосари лавозими жорий қилинади

Педагогика йўналишидаги олийгоҳлар алоҳида ёндашув асосида ривожлантирилиши белгиланди. Бунинг учун Олий таълим вазирлигида педагогик таълимга масъул вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими киритилади.

Вазирликда педагогик таълим бўйича алоҳида Кенгаш тузилиб, унга педагогика олийгоҳлари ректорлари киритилади.

Тошкент ва Чирчиқдаги педагогика университетларида ўқитувчилар Президент мактаби дастури асосида тайёрланади. Бу олийгоҳлар педагогика йўналишидаги институтлар учун «таянч олийгоҳ» бўлади.

Мақсадли буюртма асосида ўқитувчилар тайёрланади

Йиғилишда келгуси ўқув йилидан кадрлар етишмайдиган, оғир мактаблар олдиндан танланиб, улар учун мақсадли давлат буюртмаси жорий қилиниши белгиланган.

Яъни, келгуси йиллардаги талабни ҳозирдан аниқлаб, зарур мутахассисликлар бўйича муаллимларни олдиндан тизимли тайёрлаш йўлга қўйилади.

Мақсадли буюртма асосида ўқитувчиларни тайёрлаш тўлиқ давлат грантига ўтказилади. Келгуси ўқув йили учун педагогика олийгоҳларининг қабул квоталарини белгилашда ушбу янги тартиб назарда тутилади.

Энди директорлик лавозимига сертификати борлар қўйилади

Мактаб таълимида бошқарув тизими ҳам ўзгаради. 2023 йилда директорликка номзодларни ўқитиш ва билимини баҳолашни амалга оширувчи «Директорлар мактаби» ташкил қилинди. Мактабда таълим жараёнлари Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа нуфузли хорижий ҳамкорлар тажрибаси асосида йўлга қўйилади.

Энди директорликка номзодлар фақат сертификати бор ва захирага киритилган кадрлар орасидан танланади ва муддатли контракт асосида ишга олинади.

Директорлар ва ўринбосарлари ҳар беш йилда бир марта сертификациядан ўтади. Сертификациядан ўта олмаган директорлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинади.

Иқтисодиёт ва молия, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларига келгуси йилдан сертификациядан ўтган директорлар ойлигини 50 фоизга, ўринбосарлар иш ҳақини эса 30 фоизга ошириш бўйича ҳисоб-китобларни киритиш топширилган.

61 та коллеж биноси ўрнида мактаблар ташкил этилади

Давлат раҳбари йиғилишда ўқувчи ўринларини кўпайтиришга алоҳида тўхталган. Унга кўра, 2024 йилда Инвестиция дастури доирасида мактаблар қурилишига 3 триллион сўм ажратилади. Бунинг ҳисобига 150 минг янги ўқувчи ўрни яратилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бунда асосий эътиборни 2 коэффициентдан юқори қувватда ишлаётган 595 та мактабни кенгайтиришга қаратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, кам қувватда ишлаётган 61 та коллеж биноси ўрнида мактаблар ташкил қилинади. Бу ҳам қўшимча 42 минг ўқувчи ўрни яратилади дегани.

Хусусий шериклик асосида 2024 йилда 50 та (35 минг ўқувчи ўрни) мактабни барпо этиш ишлари бошланади.

Хусусий секторга қўшимча шароитлар яратиш орқали йилига камида 25 минг ўқувчи ўрни ташкил қилинади. Бунинг учун тадбиркорларга хусусий мактаб ташкил қилиш учун кредитнинг 7 фоиз қисми бюджетдан қоплаб берилади.

Янги мактаб қуриш учун ер майдонлари фақат мактаб қуриш учун мақсадли аукционга чиқарилади.

Умуман, бу ишлар орқали 2024 йилнинг ўзида 250 минг ёки ўтган йилга нисбатан 2 карра кўп ўқувчи ўрни яратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги мактабларда махсус ижтимоий-эмоционал ўқув соатлари жорий этилиши, боғча ва мактабларда гимнастика бўйича дастурлар йўлга қўйилиши, эндиликда мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячилари бепул соғломлаштирилиши, мактаб дарсликлари ижараси давлат бюджети ҳисобидан қопланиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, хусусий мактаб ва боғчаларни ташкил этишда қулайликлар яратилиши маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: