9:00 | 02.12.23
Банк шунингдек, банк ва мобил иловалардаги ҳисобварақлардан фойдаланишни уч кунгача муддатга вақтинча чеклаш тўғрисида мажбурий кўрсатмалар беради.
2023 йилнинг 30 ноябр куни «Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга асосан, Марказий банк тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операциялар содир этилган тақдирда, банк карталари, банк ҳисобварақлари ва мобил иловалардаги ҳисобварақлардан фойдаланишни уч кунгача муддатга вақтинча чеклаш тўғрисида мажбурий кўрсатмалар бериш ваколатини олди. Бундан асосий мақсад ўғрилик, фирибгарлик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга ўз вақтида чек қўйишдан иборатдир.
Марказий банк манфаатдор идоралар билан бирга 1 ой муддатда қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширади:
2024-2025 ўқув йилидан бошлаб рақамли технологиялар соҳасида жиноятларнинг олдини олиш бўйича кадрлар тайёрлайдиган давлат олий таълим муассасаларини аниқлаш, ушбу соҳа бўйича кадрларни тайёрлаш давлат буюртмаси параметрларида давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари белгиланади.
Шунингдек, маблағларни олувчи томонидан қимор ўйинлари ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти ҳамда капитал ҳаракати операциялари амалга оширилаётгани тўғрисидаги тўлов тизимининг операция коди ёки бошқа идентификаторлар белгиланмагани ҳақида маълумотлар мавжуд бўлганда, тижорат банкларининг банк картаси ёрдамида Ўзбекистондан ташқарида жойлашган маблағ қабул қилувчига трансчегаравий ўтказиш тақиқланади.
Аввалроқ, Марказий банк кетма-кет еттинчи ой асосий ставкани ўзгаришсиз қолдиргани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, банк 16 та тижорат банкини жаримага тортганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: