14:13 | 05.11.21
Аввалроқ собиқ президентнинг Ўзбекистон орқали БААга қочгани айтилганди
Афғонистон собиқ президенти Ашраф Ғани ва унинг ҳамроҳлари айни пайтда қаерда экани маълум қилинди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.
Маълум қилинишича, Америка расмийлари баъзи тафсилотларга ойдинлик киритиш учун Ғани ва унинг ҳамроҳларини БАА пойтахти Абу-Даби шаҳридан АҚШга жўнатган. Сиёсатшунос Аҳмад Саидий мазкур маълумотларни тўғри ва ишончли дея таъкидлаган. Шу билан бирга, Ғани маъмурияти раҳбари Фазли АҚШга келганлар орасида эмаслиги, у Швецияда экани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани август ойида Ўзбекистон орқали БААга қочиб кетган. Афғонистон собиқ раҳбарига яқин манбага кўра, у аввал хизмат вертолётидан, кейин эса Қозоғистоннинг «FlyJet» авиакомпанияси самолётидан фойдаланган ҳолда қочган. «Толибон» ҳаракати 15 августда Кобулга жангсиз кирмасидан сал олдин Ғани, унинг ёрдамчилари ва соқчилари бир нечта вертолётда Афғонистон пойтахтини тарк этган.
«Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига тўртта вертолётда қўнган 54 кишининг 22 нафари учувчи, ҳарбий ҳаво кучлари техниклари, яна 22 нафари президентнинг қўриқчилари бўлган. Уларнинг ҳеч бирида паспорт бўлмаган», деган Ғанига яқин манба.
Таъкидланишича, Ғани 31 соат миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Муҳиб, президент маъмурияти раҳбари Фазл Маҳмуд Фазли ва унинг рафиқаси Рулу Ғани билан Термиз аэродромида бўлган. Уларни 200 дан ортиқ ўзбек ҳарбий хизматчиси қўриқлаган.
«Flightradar» хизматининг маълумотларига кўра, «FJK-1255» рейсини амалга оширувчи Қозоғистоннинг «FlyJet» авиакомпанияси 16 август куни маҳаллий вақт билан 23:00 да Термиздан Абу-Дабига учиб кетган.
«Уч ярим соатдан кейин самолёт Абу-Даби аэропортига қўнди. Самолёт эшиклари очилиши билан бир неча араб йигити бизга яқинлашди ҳамда Ғани ва Муҳиб билан саломлашиб, Афғонистоннинг бир неча амалдорларидан, жумладан, Фазли ва Рулудан ҳурмат билан уларнинг ортидан эргашишни сўради.
Ашраф Ғани аэропортни тарк этганидан бери мен на уни, на бошқа расмийларни кўрдим. 17 август, сешанба куни БААнинг баъзи расмийлари бизнинг олдимизга келиб, қаерга кетаётганимизни сўради. Улар бизга бу мамлакатда яшай олмаслигимизни айтди. Учувчилар ва вертолётнинг техник ёрдамчилари сингари бир неча кишининг ҳарбий билетидан бошқа ҳужжатлари йўқ эди. Уларни яқинда АҚШ кучлари томонидан Абу-Дабидаги афғон фуқаролари учун ташкил этилган лагерлардан бирига олиб боришга тўғри келди. Қолганлари ўз йўллари билан кетди», — дея хулоса қилган «Hasht e Subh Daily» манбаси.
Аввалроқ Ғанининг тансоқчиси президент билан боғлиқ маълумотни ошкор этмоқчилиги ва Ашраф Ғани қочишни олдиндан режалаштиргани хабар берилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: