12:22 | 14.02.21
Синов февраль ойининг охирида Англиянинг уч шаҳри – Лондон, Саутгемптон ва Бристолда ўтказилиши кутилмоқда
Оксфорд университети олимлари ҳамда «AstraZeneca» (Буюк Британия ва Швеция) компанияси томонидан яратилган вакцина биринчи бўлиб болаларда синаб кўрилади. Бу ҳақда «Reuters» нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, вакцина синови 6 ёшдан 17 ёшгача бўлган болаларда ўтказилади. Кўнгилли сифатида 300 нафар бола тадқиқотга жалб қилинади ва синов февраль ойининг охирида Англиянинг уч шаҳри – Лондон, Саутгемптон ва Бристолда ўтказилиши кутилмоқда.
Хабарда ушбу синовлар вакцина самарадорлигини аниқлашга ёрдам бериши айтилган. Шунингдек, «AstraZeneca» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ушбу номли препарати векторли вакцина ҳисобланиб, таркибида заифлаштирилган ва зарарсиз вирус ҳамда COVID-19 гени мавжуд.
Компания апрель ойига қадар ойига 200 миллиондан ортиқ ва йил охирига қадар 3 миллиард дозани ишлаб чиқаришни режалаштирган. Тaъкидланишича, ушбу икки дозали вакцина бошқа вакциналарга қараганда арзонроқ бўлгани сабабли «Дунё учун вакцина» деб ном олган.
Аввалроқ Олимлар коронавируснинг янги штаммлари туфайли вакциналар эскиришини аниқлагани ва Дунё бўйлаб энг талабгир вакциналар рейтинги хабар қилинган эди. Шунингдек, «AstraZeneca» вакцинаси коронавируснинг «Жанубий Африка» штаммига қарши кураш учун мослаштирилиши маълум қилинган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: