14:18 | 17.09.24

                       

3 ёшгача фарзанди бор талаба-қизлар масофавий таълим олиши мумкинми?

Ўзбекистонда 3 ёшгача фарзанди бор талаба-қизларнинг масофавий таълими ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Бош директори ўринбосари, Хушнудбек Худойбердиев 3 ёшгача фарзанди бор талаба-қизларнинг масофавий таълими ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, ҳозирча бундай тартиб мавжуд эмас. 2024йилнинг 28 июнь куни Шавкат Мирзиёев ёшлар билан мулоқот қилган. Ушбу мулоқотда Президент ёшларни қўллаб-қувватлашга оид бир қатор таклифларни илгари сурган.

Жумладан, келгусида уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилиши айтилганди.

«Бу таклиф мақомида бўлиб, ҳозирча бу борада бирон ҳужжат қабул қилинмади. Яъни уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизлар қайси ҳолатда масофавий таълим олади, бунинг учун нималар қилиши керак, кимга қандай ариза беради, бунда таълим шаклини масофавийга кўчириш тарзида бўладими ёки кундузгида қолавериб, вақтинча масофавий ўқиб турадими, ҳозирча бу саволларнинг биронтасига расмий жавоб йўқ. Шунга оид бирон расмий ҳужжат қабул қилинса, ундан кейингина айтиш мумкин.

Хуллас, бугунги кунда уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизлар олийгоҳ маъмуриятидан масофавий ўқишни талаб қилиши бефойда», дейди Худойбердиев.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: