16:23 | 18.12.24
Ички ишлар бошқармаси Фарғонадаги портлаш қурбонлари сони ошганини эълон қилди (фото).
Фарғона шаҳридаги заправкадаги рўй берган портлаш оқибатида яна 3 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Маълум қилинишича, 17 декабр куни соат 13:45 ларда Фарғона шаҳри, Янгийўл маҳалласидаги Petrolium пропан газ қуйиш шохобчасида 5 м.куб сиғимли контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиқиб, газ моддаси ташқарига сизиб чиқиши оқибатида, портлаш ва ёнғин содир бўлган.
Бунинг оқибатида 1 киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Шу ҳудудда бўлган бир неча киши турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан улардан 3 нафари шифохонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан Фарғона вилоят ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди ҳамда 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда жиноят иши доирасида 5 нафар шахс процессуал тартибда қамоққа олинган. Ҳолат юзасидан тегишли экспертизалар тайинланган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Kun.uz билан суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакиллари билдиришича, мазкур АЁҚШ ва АГҚШ қурилишига одамлар норозилик билдиришганди. Бироқ масъуллар бу норозиликка эътибор қаратмаган.