13:11 | 05.12.24

                       

Трампнинг маслаҳатчилари Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича баҳсли таклифларни илгари сурди

АҚШ сайланган президенти Дональд Трампнинг маслаҳатчилари Украинадаги урушни тўхтатиш учун ҳудудий ён босишларни ўз ичига олган бир неча таклифни муҳокама қилмоқда. Бу таклифлар Киев ва Москвани музокаралар столига ўтказишга қаратилган.

Deutsche Welle хабарига кўра, Дональд Трамп ҳали расмий тинчлик режасини ишлаб чиқмаган. Унинг маслаҳатчилари қуйидаги уч асосий таклифни муҳокама қилмоқда:

  1. Фронт чизиғи бўйича можарони музлатиш
    Трампнинг маслаҳатчиси Кит Келлог шундай таклифни илгари сурган. Унга кўра, АҚШ Украинага «кучли позиция»дан музокара олиб бориш учун қурол-яроғ тақдим этиши, Кремлни эса ўт очишни тўхтатиш мажбуриятига риоя қилмаслик оқибатлари ҳақида огоҳлантириши керак.
  2. Демилитаризация зонасини ташкил этиш
    Вице-президент лавозимига номзод Жеймс Девид Венс қарама-қаршилик чизиғи бўйлаб демилитаризация зонасини ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳудуд кучли мудофаа билан таъминланиши ва Россиянинг келгусидаги босқинларини олдини олишга хизмат қилиши керак.
  3. Шарқий Украинада автоном зоналар яратиш
    Миллий разведканинг собиқ раҳбари Ричард Гренелл Украина шарқида автоном зоналар ташкил этиш тарафдори. Унга кўра, НАТОга аъзолик Украинанинг манфаатларига жавоб бермаслиги мумкин.

Украина ва Россия шартлари

Украина Зеленскийнинг «тинчлик формуласи» асосида қўшинларни 1991 йил чегараларига олиб чиқишни талаб қилмоқда. Россия эса қўшилган ҳудудларнинг Россия таркибида қолишини, Украинанинг НАТОдан воз кечишини талаб қилмоқда.