19:04 | 17.12.24

                       

Ўзбекистон давлат хизматчилари Малайзияга боради

Ўзбекистон давлат хизматчилари Малайзияга боради. Икки давлат вакиллари учрашув ўтказди.

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия бош вазири ҳузуридаги Давлат хизмати департаменти (ДХД) бош директори ўринбосари Аниси бин Иброҳим билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Дунё хабар берди.

Малайзия томонига «Ўзбекистон – 2030» стратегияси мақсадлари, республикада давлат хизмати фаолияти трансформацияси, кадрлар сиёсатини такомиллаштириш, коррупцияга қарши курашиш маданиятини шакллантириш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Мулоқот давомида давлат фуқаролик хизмати соҳасини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасида икки мамлакат ваколатли органлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, муваффақиятли тажрибаларни ўрганиш, ўзаро ташрифлар ва қўшма илмий-амалий тадбирлар уюштириш масалаларида ҳамкорлик режалари муҳокама этилди.

Учрашув натижасида республика вакиллари учун давлат хизматини такомиллаштириш ва инсон ресурсларини бошқариш мавзуларида Куала-Лумпурда қисқа муддатли малака ошириш дастурларини ташкил қилиш ва Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Малайзия Давлат хизмати департаменти ўртасида тегишли музокаралар ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.