14:15 | 05.12.24

                       

Россияда фарзандини қийнаган ўзбекистонлик аёл 4 йилга қамалди

Новосибирскда ўз фарзандини муттасил қийнаб келган ўзбекистонлик аёл 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Қийноқлардан азият чекиб келган бола 2021 йилда вафот этган ва онаси уни ноқонуний равишда кўмган.

Россия Тергов қўмитаси маълумотига кўра, Новосибирск шаҳрида Андижон вилояти Жалақудуқ туманида туғилган А.Г. фарзандини қийнагани учун айбдор деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Аёл жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.

Видеодан кадр

2024 йил бошида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда аёл боласини шафқатсизларча ураётгани ва уни ерга кўмаётгани акс этган эди. Тергов натижасида, 2019 йилда туғилган бола қийноқлардан азият чекиб, 2021 йилда вафот этгани маълум бўлди. Қўшимча қилинишича, боланинг онаси тиббий муассасаларга хабар бермасдан болани ўзбошимчалик билан кўмган.

Фото: Россия Тергов қўмитаси

Ўзбекистон болалар омбудсмани ҳодиса юзасидан Бош прокуратурага мурожаат қилган. Шу асосда Россиянинг Новосибирск шаҳрида жиноят иши қўзғатилган ва тергов ўтказилган. Мазкур ҳодиса жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласини янада кучайтириш заруратини кўрсатди.