13:56 | 11.12.24
Жиззахда қалбаки пул муомалага киритишга уринган уч нафар фуқаро ушланди. Улар 998 миллион 740 минг сўмлик қалбаки купюраларни 27 200 долларга сотишга ҳаракат қилган.
ЎзА хабарига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тезкор тадбир ўтказиб, 1980, 1983 ва 1989 йилларда туғилган Фарғона вилоятида яшовчи уч нафар шахсни қўлга олган.
Аниқланишича, улар қалбаки 200, 100 ва 20 минг сўмлик купюраларни пуркагичли принтер ёрдамида чоп этишган.
Ушланган шахсларнинг иккитаси аввал судланган. Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми «а» банди бўйича жиноят иши қўзғатилган. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.