15:51 | 05.12.24
Ўзбекистон ташаббуси билан «Рубоб ясаш ва чалиш санъати» ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритилди. Бу Марказий Осиё халқларининг маданий бирлиги ва ижтимоий ҳамжиҳатлигини рамзий ифодаловчи санъат туридир.
2–7 декабрь кунлари Парагвай пойтахтида ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитасининг 19-сессияси бўлиб ўтмоқда. 4 декабрь куни сессия доирасида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ташаббуси билан «Рубоб ясаш ва чалиш санъати» бир овоздан Репрезентатив рўйхатга киритилди.
Қўмита рубобни Марказий, Жанубий ва Жанубий-Ғарбий Осиё халқлари учун қадимий ва бирлаштирувчи чолғу асбоби сифатида тан олди. Рубоб нафақат маданий алмашинувни, балки гендер тенглиги, иқтисодий ва ижтимоий барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашда ҳам муҳим роль ўйнаши таъкидланди.
ЮНЕСКОнинг мазкур қарори рубоб санъатини миллий ва халқаро миқёсда асраб-авайлаш, тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада ривожлантириш учун замин яратади.
«Рубоб ясаш ва чалиш санъати» ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига Ўзбекистон ташаббуси билан киритилган 16-элемент бўлиб, мамлакатнинг маданий меросни халқаро даражада тарғиб қилишга қўшган яна бир ҳиссасидир.