20:16 | 15.10.21
15 октябрнинг муҳим ва сара хабарларини битта дайжестга жойладик
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Шавкат Мирзиёев МДҲ раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлисида иштирок этди.
Мажлис 15 октябрь куни онлайн тарзда амалга оширилган. Қайд этилишича, Беларусь президенти Александр Лукашенко раислигида ўтган саммит ишида Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Молдова бош вазири Наталья Гаврилица, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — ижрочи котиби Сергей Лебедев ҳам қатнашган.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари ўз нутқида МДҲ доирасидаги шерикликни мустаҳкамлашнинг муҳим йўналишлари юзасидан нуқтаи назарини баён қилган. Ҳамдўстлик мамлакатларида барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш муҳим экани алоҳида таъкидланган.
Рустам Азимов 2017 йилдан бери биринчи марта ОАВда чиқиш қилди. Собиқ молия вазири, «Ўзбекинвест» компанияси раҳбари Рустам Азимов сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида фикр билдирди.
Рустам Азимов мақола аввалида Биринчи Президент Ислом Каримовнинг ҳаёт ва меҳнат йўли, 25 йиллик ислоҳотлари тўғрисида ёзиб ўтган.
«Бу кунларга етиб келиш осон бўлмади, албатта. Мустақиллик эълон қилинган биринчи кунлардаги қийинчиликлар, республика омборларида бир ҳафтага етар-етмас дон қолгани ёки нефть танқислиги, бу муаммоларни ҳал этиш, яъни чет давлатдан сотиб олиш учун валютамиз йўқлиги, ундан кейин Тошкентда террористлар томонидан содир этилган портлашлар, Наманган ва бошқа ҳудудлардаги фожиали воқеалар… Шуларни эслаганда, авваламбор, Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига асос солган инсон сифатида кўз олдимизга келтиришимиз табиийдир.
Биринчи Президентимизнинг қўл остиларида 25 йил ишлаш мен учун жуда катта ҳам мактаб, ҳам синов эди. Ислом Абдуғаниевич Каримов ўта талабчан инсон эди. Лекин у ушбу талабчанликни олдин ўзига қаратар, кейин қўл остида ишлайдиганлардан талаб қилар эди», — деб ёзади Азимов.
Шунингдек, «Ўзбекинвест» раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг охирги 5 йилда амалга оширган ислоҳотлари ҳақида фикр билдирди. «У инсоннинг қилган ишларига муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирмонович Мирзиёев жуда тўғри ва одилона баҳо бердилар.
Шу ўринда бир фикрни айтмоқчиман. Ҳозирги кунда дунёда расман 200 дан зиёд мустақил давлат бор, лекин аслида кўпчилигининг мустақиллиги қоғозда, яъни сунъий, чунки улар сиёсий, иқтисодий ёки хавфсизлик жиҳатидан у ёки бу давлатга тобе ва, афсуски, уларнинг тақдири ўз пойтахтида эмас, балки бошқа пойтахтларда ҳал этилади. Ўзбекистон улардан фарқли ўлароқ, 25 йил ичида ҳақиқий мустақилликка эга бўлди», — дейди муаллиф.
Шунингдек, Рустам Азимов Ўзбекистон сўнгги 5 йилда демократик жамият қуришга киришганини ва бу осон кечмаганини таъкидлаган. Қайд этилишича, эксперт ва мутахассислар «бу қадамни босишнинг вақти ҳали келмади, сиз ҳам, маҳаллий ҳокимликлар ҳам жуда катта қийинчиликларга дуч келади» деб Президентни бу йўлдан қайтармоқчи бўлган.
Давлат солиқ қўмитаси президентликка номзод Алишер Қодировнинг меҳнат мигрантларини солиққа тортиш тўғрисидаги таклифига муносабат билдирди. Қўмита вакилининг сўзларига кўра, мазкур ташаббусни амалга ошириш бўйича ҳеч қандай таклифлар йўқ.
«Ўзбекистон солиқ қонунчилигида муҳожирлардан олинадиган даромад солиғи белгиланмаган. Ҳозирда бундай таклиф ёки буни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар йўқ», — деган қўмита матбуот котиби Музаффар Назаров.
Маълумот ўрнида, «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров меҳнат мигрантларини солиқ тўламаётган шахслар деб атаб, уларнинг даромадларини солиққа тортишни таклиф қилганди.
Солиқ мавзусини давом эттирамиз. Ўзбекистонга Facebook, Google ва Apple компаниялари 9 ойда қанча солиқ тўлагани маълум қилинди.
Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 9 ойида Facebook 7,6 миллиард сўм, Google Commerce Limited 4,6 миллиард сўм, Apple 2,2 миллиард сўм, Netflix 331 миллион сўм ва Яндех 256 миллион сўм солиқ тўлаган.
Шунингдек, 2021 йилда 9 та хорижий компания қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчи сифатида рўйхатга олинган. Бу компанияларга Vaskiani Ventures Limited (Кипр), Google Cloud EMEA Limited (Ирландия), Spotify AB (Швеция), Adobe (Ирландия), Delse, Inc. (АҚШ), Scribd, Inc. (АҚШ), LinkedIn Ireland Unlimited Company (Ирландия), Google LLC (АҚШ) ва Microsoft Ireland Operations Limited (Ирландия) киради.
Тошкентда фуқарони «қулоқ»ликда айблаб, «самосуд» қилганларга ҳукм ўқилди. Тошкент шаҳрида фуқаро қоидабузарликни тасвирга олган бошқа бир фуқарони «самосуд» қилгани ҳақида хабар берилганди. «Yangi davr» кўрсатувида уларга нисбатан қандай чора кўрилгани маълум қилинди.
Хабарга кўра, видеода номаълум шахс бошқа бир кишини куч билан ушлаб туриб, тармоқ фойдаланувчиларига бу шахс йўл ҳаракати қоидабузарликларини тасвирга олиб, ички ишлар органларига жўнатиш билан шуғулланишини айтган. Видеодаги ҳолат юзасидан текширув ўтказилган. Аниқланишича, ҳолат 1 октябрь куни соат 17:00 атрофида Учтепа тумани Тошкент ҳалқа автомобиль йўлида — Ўрикзор бозори яқинида содир бўлган.
Қайд этилишича, ҳуқуқбузар 1996 йилда туғилган Х.Э. бўлиб чиққан. Х.Э. туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими 3-сонли ички ишлар бўлимига олиб борилган ва у билан профилактик суҳбат ўтказилган. Бундан ташқари, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) бўйича баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўрилиши учун судга юборилганди.
Яна бир йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ҳолати Самарқандда қайд этилди. Самарқанд шаҳрида 14 октябрь куни қоидабузар автобус жарима майдончасига жойлаштирилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, шу куни соат 11:30 атрофида шаҳарнинг Амир Темур кўчасида «Isuzu» русумли йўловчи ташувчи автобус қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган. Қайд этилишича, ҳолат юзасидан вилоят ЙҲХБ томонидан текширув ишлари олиб борилган. Аниқланишича, ҳайдовчи автобусни тегишли ҳужжатларсиз бошқариб юрган. Шунингдек, транспорт воситасига қўшимча жиҳоз (овоз кучайтиргич) ўрнатгани маълум бўлган. Ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилиб, транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилган.
Хўш, оламда нима гап?
Японияда Ким Чен Инга қарши суд жараёни бошланди. Маълум қилинишича, бешта даъвогар давлат раҳбарини одам ўғирлашда айбламоқда. Таъкидланишича, улар кореяликларнинг «бахтли ҳаёт» ҳақидаги ташвиқотига ишониб, ватанга қайтариш дастури доирасида Япониядан Шимолий Кореяга келган.
Қайд этилишича, Ким Чен Ин судга Шимолий Корея вакили сифатида чақирилган, бироқ у судга келмаган. «Биз етказилган зарарнинг қопланишини кутмаяпмиз. Лекин, умид қиламизки, Япония ҳукумати бу иш бўйича Шимолий Корея билан музокара ўтказа олади», — дея таъкидлаган даъвогарларнинг адвокати.
Афғонистонда яна бир масжид жума намози пайтида портлатилди. Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳридаги шиалар масжидида 15 октябрь куни теракт содир этилди. Бу ҳақда «Bugun.uz»нинг Афғонистондаги мухбири хабар берди.
Маълумотларга кўра, бир ҳафта олдин Қундузда бўлгани каби худкуш террорчи шиа масжидида жума намози ўқилаётган пайтда ўзини портлатиб юборган. Ҳодиса оқибатида 7 киши ҳалок бўлган, 13 киши яраланган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар масаласи бўйича Олий комиссарлиги идораси Ўзбекистон орқали Афғонистонга гуманитар ёрдам етказиб бериши маълум қилинганди. Ташкилотнинг гуманитар ёрдам олиб келган биринчи самолёти 15 октябрь, жума куни Термизга етиб келди.
Термиз аэропорти ходимининг сўзларига кўра, «Ил-76» борти БМТ гуманитар юклари билан Термиз аэропортига соат 11:20 да қўнган. Гуманитар ёрдам афғон халқи учун зарур бўлган нарсаларни ўз ичига олиши қайд этилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: