14:36 | 18.10.21

                       

Марказий Осиёда сўз эркинлиги: кимда қандай кўрсаткич?

Bugun.uz маълумотларни минтақадаги давлатлар кесимида солиштиради

2021 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофоти «Новая Газета» нашрининг бош муҳаррири россиялик журналист Дмитрий Муратов ва филиппин-америкалик журналист Мария Рессага топширилди. Нобель қўмитаси томонидан уларнинг демократия ва тинчликнинг асосий шарти бўлган сўз эркинлигини ҳимоя қилишдаги ҳаракатлари алоҳида эътироф этилди. Хўш, сўз ва матбуот эркинлиги сферасида Марказий Осиёда вазият қанақа? Кимда қандай кўрсаткич? «Ҳақорат» қонунлари нима? Бу борада Ўзбекистонда қандай ишлар амалга оширилди ва нималар қилиниши керак? «Bugun.uz» колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада шу каби саволларга жавоб беради.

Фото: «Sugdnews»

Бутунжаҳон матбуот эркинлиги индекси

«Чегара билмас мухбирлар» (Reporters Without Borders) ташкилоти томонидан 2002 йилдан буён Бутунжаҳон матбуот эркинлиги индекси юритилиб келинади. Индексда 180 та давлатнинг оммавий ахборот воситаларига, журналистларга муносабати таҳлил қилиниб, йиллик кўрсаткичлар эълон қилиб борилади. «Чегара билмас мухбирлар» ушбу кўрсаткичларни шакллантиришда 7 критерия — плюрализм, ОАВ мустақиллиги, қонунчилик базаси, медиа муҳит, ўз-ўзини цензуралаш, шаффофлик ва информацион тузилманинг сифат даражасини инобатга олади.

Хусусан, плюрализм (хилма-хиллик, рангбаранглик)ни аниқлашда медиа-маконда турли қарашларнинг мавжудлиги, қонунчилик ҳолатида ахборот сферасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси таҳлил қилинади. ОАВ мустақиллигида диний, иқтисодий ва сиёсий ҳокимиятдан тўла мустақил шароитда оммавий ахборот воситаларини шакллантириш имконияти, шаффофликда ахборот олиш билан боғлиқ масалаларда ташкилотларнинг очиқлиги ҳисобга олинади.

2021 йил учун Бутунжаҳон матбуот эркинлиги индексида Норвегия кетма-кет беш йилдан буён етакчилик қилиб келмоқда. Ушбу рейтингда 2-ўринни Финландия, 3-ўринни Швеция эгаллаган. Энг сўнгги — 180-ўринни эса Эритрея банд қилган. Хўш, ушбу индексда Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон қандай натижаларни қайд этган?

2021 йил учун Бутунжаҳон матбуот эркинлиги Индекси мамлакатлар миқёсида. Давлатлар матбуот эркинлиги даражаси бўйича 5 гуруҳга ажратилган: оқ рангда яхши ҳолатдаги, сариқ рангда қониқарли ҳолатдаги, зарғалдоқ рангда муаммоли вазиятдаги, қизил рангда мураккаб вазиятдаги ва қора рангда жуда жиддий вазиятдаги давлатлар акс эттирилган.
Фото: «RSF»

Марказий Осиёда матбуот эркинлиги сферасида етакчиликни 79-ўрин билан Қирғизистон эгаллаган. Қирғизистон сўнгги беш йилда 89-ўриндан 79-ўринга кўтарилиб, минтақада етакчиликни қўлдан бермай келмоқда. Матбуот эркинлиги соҳасида «зарғалдоқ зона»ни эгаллаб, муаммоли вазиятдаги давлатлар қаторидан жой олган. Минтақада кейинги ўринни 155-ўрин билан Қозоғистон банд қилган. Сўнгги беш йилликда бу давлат 157-155-ўринлардаги турғун натижалар билан «қизил зона»даги давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти томонидан юритиб келинаётган ушбу рейтингда Ўзбекистон 180 та давлат орасидан 157-ўринни эгаллаб, матбуот эркинлиги сферасида Марказий Осиёда учликка якун ясаган. Бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг сўнгги уч йилдаги илк пасайиши бўлиб, ўтган йилги кўрсаткичдан бир поғонага тушган. Тайёрланган таҳлилларда Ўзбекистонда матбуот эркинлиги соҳасида юз берган ўзгаришлар хусусида қуйидаги фикрлар билдириб ўтилади:

«Йиллар давомида цензурада бўлган веб-сайтлар очилди, бироқ бир қатор сайтлар ҳамон тақиқда сақланиб қолди. Оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш осонлашди. Эндиликда жонли сиёсий эфир узатилмоқда ва баъзи журналистлар коррупция ҳамда мажбурий меҳнат каби нозик мавзуларни ёритмоқда. Аммо ҳукуматнинг энг юқори нуқтасини тандиқ қилиш саволдан ташқаридаги масала. Ҳокимият оммавий ахборот воситаларини чеклайдиган қонунчилик ҳужжатларига зарур ўзгартиришлар киритишга шошилмаяпти.

Кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳали ҳам мавжуд ҳамда расмийлар сезиларли даражада медиа устидан назоратни ушлаб турибди. Блогерларга ҳали ҳам таҳдид солинмоқда ёки ҳибсга олинмоқда. Ўзбекистон чет эллик ва мамлакатдан чиқариб юборилган журналистлар учун ўз эшикларни қайта очди. Бироқ кўплаб журналистлар ва нашрлар аккредитация олишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Сиёсий плюрализмсиз матбуот эркинлигини тўлалигича таъминлаб бўлмайди. Олдинда ҳали ҳам узоқ йўл турибди»

«Чегара билмас мухбирлар» томонидан сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгариш ижобий баҳоланса-да, Ўзбекистон ҳали-ҳануз вазият мураккаблигича қолаётган «қизил зона» давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Бутунжаҳон матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистоннинг йиллар кесимидаги кўрсаткичи
Фото: «RSF»

Марказий Осиёда матбуот эркинлиги соҳасида навбатдаги ўринни 180 та давлат орасидан 162-ўрин билан Тожикистон эгаллаган. Шуни таъкидлаш керакки, Тожикистоннинг медиа эркинликдаги ўрни йилдан йилга ёмонлашиб бормоқда. Хусусан, 2014 йилда 115-ўриндаги натижадан 162-ўринга қадар пастлаган. Минтақанинг сўнгги давлати — Туркманистон эса 178-ўрин билан матбуот мустақиллиги кўрсаткичи бўйича нафақат Марказий Осиёнинг, балки бутун дунёнинг энг қолоқ мамлакатидан бири бўлиб қолмоқда. Жумладан, Туркманистон 2014–2021 йиллар оралиғида 180 та давлат орасидан 180–178-ўринларда турғун сақланиб қолмоқда. Юқорида саналган ҳар иккала давлат халқаро экспертлар томонидан «вазияти жуда жиддий» деб баҳоланаётган «қора зона» давлатлари эшелонига бошчилик қилмоқда.

«Ҳақорат» қонунлари

Медиа ҳуқуқида «ҳақорат» қонунлари («Insult» Laws) тушунчаси мавжуд бўлиб, у давлат ва ҳукумат расмийлари, миллий институтлар, давлат рамзлари ёки давлатнинг «шаъни ва қадр-қимматини» таҳқирлаганлик учун жавобгарлик белгиловчи нормаларни назарда тутади. Амалда ушбу нормалардан шахсиятни таҳқирлаганлик учун жавобгарлик белгилаш билан бир қаторда, фикр, баёнот, сатира ва ҳаттоки юмор учун жазолаш ва сўз эркинлигини чеклаш учун ҳам фойдаланилиши мумкин.

Юқорида таъкидланганидек, Бутунжаҳон матбуот эркинлиги индексини шакллантиришнинг критерияларидан бири сифатида мамлакатлар қонунчилиги таҳлил қилинади. Ушбу таҳлилларда асосий эътибор эса «ҳақорат» қонунларининг тури ва сони, жавобгарлик белгиланган ҳолатлар, ҳуқуқбузарлик ва санкциялар мувофиқлиги каби хусусиятларга қаратилади.

«Ҳақорат» қонунлари таркибига бевосита туҳмат ва ҳақорат, давлат раҳбари, расмийларини ҳақоратлаш, давлат ва унинг рамзларига ҳурматсизлик қилиш, шунингдек хорижий давлатлар раҳбари, расмийларини ҳақоратлаш, давлат ва унинг рамзларига ҳурматсизлик қилишни назарда тутувчи жиноятларни киритиш мумкин. Марказий Осиё давлатларининг Бутунжаҳон матбуот эркинлиги индексида паст кўрсаткичининг сабабидан бири сифатида ҳам мазкур нормалар келтирилади.

Хўш, минтақа давлатлари жиноят қонунчилигида «ҳақорат» қонунлари қандай нормаларни ўзида акс эттиради?

Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизистон матбуот эркинлиги соҳасида етакчилигига мос равишда жиноят қонунчилиги «ҳақорат» қонунлари сони камлиги жиҳатидан ҳам минтақада ажралиб туради. Жумладан, Қирғизистон Жиноят кодексидан туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалар декриминализация қилинган. Шу билан Жиноят кодексида давлат ва ҳукумат расмийлари, хорижий давлатлар раҳбарини ҳақоратлаш ёки уларга туҳмат қилиш, хорижий давлатлар ва уларнинг рамзларига ҳурматсизлик қилишни назарда тутувчи жиноятлар мавжуд эмас.

Бироқ Жиноят кодексининг 352-моддасида давлат герби ва мадҳиясига нисбатан ҳурматсизлик қилиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, ушбу модда санкцияси 1 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади. Шунингдек, Қирғизистон жиноят қонунчилигида диний эътиқод билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиламайди.

Шуни таъкидлаш жоизки, 2008 йил 31 декабрдаги «Қирғизистон Республикасида дин ва диний ташкилотлар эркинлиги тўғрисида»ги қонун фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳолда ҳис-туйғуларини қасддан ҳақорат қилиш учун жавобгарликни назарда тутади. Аммо Жиноят кодексининг 146-моддасига биноан, «виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш» фақат диний ташкилотлар фаолиятига ёки диний маросимларни бажаришга ноқонуний равишда тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни белгилайди. Бу қоида фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш учун жавобгарликни ўз ичига олмайди.

Фото: «RSF»

Минтақа давлатлари орасида Қозоғистон қонунчилиги «ҳақорат» қонунларига бойлиги билан характерланади. 2014 йилда Қозоғистон янги жиноят кодексини қабул қилди. Бу кодекс, аввалгисидек, туҳмат ва ҳақорат учун жиноий жавобгарликни ўз ичига олади (Жиноят кодекси 130-131-моддалари).

Шунингдек, Жиноят кодекси 376-моддаси 2-қисмида оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда депутатларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилганлик учун, 378-моддасида давлат хизматчисини ҳақорат қилганлик учун, 411-моддасида судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, эксперт ҳамда суд ижрочисини ҳақорат қилганлик учун ҳамда 372-моддасида давлат рамзларини таҳқирлаганлик учун жавобгарлик белгиланган. Шу билан бирга, Қозоғистон президентни ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарлик масалаларида ўзига хослиги билан ажралиб туради.

Унда нафақат амалдаги, балки биринчи давлат раҳбарини ҳақоратлаганлик учун ҳам жавобгарлик мавжуд. Хусусан, Жиноят кодексининг 373-моддасига асосан Қозоғистон Републикасининг биринчи президенти — Элбошини омма олдида ҳақорат қилиш ёки бошқа усулда унинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш 5000 ойлик иш ҳақи миқдорига жарима ёки шу миқдорда ахлоқ тузатиш ишлари, 5 йилгача озодликни чеклаш ёки шу муддат давомида озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Жиноят кодексининг 375-моддасида эса Қозоғистон Републикасининг президентининг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, ҳуқуқбузарни 373-моддада кўрсатилган жазо кутади. Шунингдек, Жиноят кодексида диний танқид ёки ҳақорат учун жавобгарлик назарда тутилган алоҳида модда мавжуд эмас. Бу каби ҳақоратлар учун умумий жиноий жавобгарлик кўзда тутилган 174-моддада кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу моддада ижтимоий, миллий, қабилавий, ирқий, синфий ва диний ихтилофни қўзғатганлик учун жавобгарлик белгиланган. Бу Қозоғистонда энг кўп қўлланиладиган моддалардан бири. Афсуски, кўп ҳолларда у фуқаролик жамияти фаолларига қарши ишлатилади.

Қозоғистон қонунчилигида хорижий давлатлар раҳбарларини ҳақорат қилганлик учун жавобгарлик мавжуд эмас. Бироқ миллий адоват қўзғатганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи Жиноят кодексининг 174-моддаси чет давлат президентининг олиб бораётган сиёсатини танқид қилиш билан боғлиқ ишларда қўлланилган. Масалан, 2016 йил декабрь ойида Қозоғистон фуқароси миллионлаб одамларнинг ўлимида айбдор санаб, Россия президенти Владимир Путин ва АҚШни фашистлар деб атаган изоҳлари учун 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Ўзбекистон қонунчилигида ҳам бир қатор моддалар Халқаро матбуот институти (International Press Institute) томонидан матбуот эркинлигига таҳдид сифатида баҳоланган. Жумладан, мисол сифатида туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарликни назарда тутадиган Жиноят кодексининг 139-140-моддаларини (шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-41-моддалари),  давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш учун жавобгарлик белгиловчи 215-моддани, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш учун жавобгарликни назарда тутувчи 156-моддани келтириш мумкин.

Ўзбекистон дипломатик ва консуллик хизмати ходимларининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялашни кўзда тутувчи дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенцияси (1961 йил) ҳамда консуллик алоқалари тўғрисидаги Вена конвенцияларини (1963 йил) ратификация қилган. Бироқ уларнинг шаънига қилинган тажовуз учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланмади.

Халқаро матбуот институти таҳлилларида «ҳақорат» қонуни сифатида баҳоланган сўнгги норма — президентни ҳақорат қилганлик учун жавобгарлик кўрсатилади. Хусусан, Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисмига асосан президентни омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига асосан Президентнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказилишига йўл қўйилмайди ҳамда бундай ҳаракатлар қонун билан таъқиб қилинади. Юқорида келтирилган нормалар амалиётда қандай мақсадларда қўлланилишидан қатъи назар халқаро ташкилотлар томонидан матбуот эркинлигига таҳдид сифатида қабул қилинади. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг матбуот ва сўз эркинлиги сферасида халқаро майдондаги имиджига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Марказий Осиёнинг навбатдаги давлати — Тожикистон қўшниларидан жиддий фарқ қилмаган ҳолатда жиноят қонунчилигида бир қатор «ҳақорат» қонунларини мужассамлаштиради. Аммо шуни таъкидлаш лозимки, туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарликни назарда тутувчи Жиноят кодексининг 135–136-моддалари 2012 йилда чиқариб ташланган.

Шундай бўлса-да, омма олдида Тожикистон президентини ҳақорат қилиш ёки унга туҳмат қилиш (Жиноят кодекси 137-моддаси) ҳамда давлат хизматчиларини ҳақорат қилганлик учун жавобгарлик (Жиноят кодекси 330-моддаси) ҳали-ҳануз сақланиб қолмоқда. Хусусан, айбдор Жиноят кодексининг 137-моддасига асосан президентни омма олдида, интернет тармоғида, медиа воситалари орқали ёки нашр қилинган ҳолда ҳақорат ва туҳмат қилиш 2 йилдан 5 йилгача қамоқ билан жазоланади. 2016 йил ноябрда Жиноят кодекси 137-1-моддаси билан тўлдирилиб, унга асосан «Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — Миллат йўлбошини омма олдида ҳақоратлаш ва унга қарши туҳмат» учун 2 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси кутади. Шунингдек, 342-моддада давлат рамзларига нисбатан ҳурматсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик мавжуд.

Минтақанинг сўнгги давлати — Туркманистон «ҳақорат» қонунларининг миқёси бўйича Марказий Осиёда етакчилик қилади. Жумладан, ҳақорат ва туҳмат учун жавобгарлик белгиловчи нормалар турли шаклларда жиноят қонунчилигида мустаҳкамланган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 337-моддасида туҳмат учун, 338-моддасида ҳақорат учун жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, туҳмат учун жавобгарлик Жиноят кодексининг 132-моддасида ҳам акс этган. Бундан ташқари, ҳақорат учун жавобгарлик давлат хизматчилари соҳалари бўйича тармоқланган. Хусусан, Жиноят кодексининг 212-моддасида давлат хизматчиларини ҳақоратлаганлик учун, 191-моддада судга ҳурматсизлик қилганлик учун, 192-моддада судья, ҳалқ маслаҳатчиси, прокурор, терговчи ёки суриштирувчига нисбатан туҳмат қилганлик учун, 341-моддасида ҳарбий хизматчиларни ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Фото: «Elegzit»

Шу билан бирга, Туркманистон Конституциясининг 74-моддасига асосан президент шаъни ва қадр-қиммати алоҳида мувофаза олинган. Туркманбошини ҳақорат ёки туҳмат қилиш учун Жиноят кодексининг 176-моддаси билан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади. Қўшни давлатлар сингари Туркманистонда ҳам Жиноят кодекси 178-моддасида давлат герби, байроғи ва мадҳиясини таҳқирлаганлик учун жавобгарликни қамраб олади.

Шунингдек, Туркманистон матбуот эркинлигига асосий таҳдидлардан бири сифатида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 266-моддаси — Оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги ва журналистлар ҳуқуқларини суиистеъмол қилиш учун жавобгарликни алоҳида таъкидлаш лозим.

Хусусан, ушбу моддада таҳририят ёки журналист томонидан оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва журналистик ҳуқуқларни суиистеъмол қилиш қуйидагича таърифланади: Туркманистон қонунлари билан ошкор қилиш тақиқланган маълумотларни ошкор қилиш, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материалларнинг Туркманистон қонунларида белгиланган тартибда текширилмаслиги, ахборот манбасини кўрсатмасдан тарқатиш (Туркманистон қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно), асоссиз ёки қасддан ёлғон ҳавола қилинган оммавий ахборот воситалари маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш, сўз эркинлигини суиистеъмол қилиш, фуқаронинг ёки ташкилотнинг обрўсига путур этказадиган ёлғон маълумотларни тарқатиш ва журналистларнинг адолатли фаолиятига таъсир кўрсатиш.

Шу каби «ҳақорат» қонунларининг кенг доираси сабабли Туркманистон матбуот эркинлиги кўрсаткичлари бўйича нафақат Марказий Осиёнинг, балки бутун дунёнинг энг қолоқ мамлакатларидан бири бўлиб қолмоқда.

Нималар ўзгарди?

Ўзбекистоннинг халқаро рейтингдаги қуйи ўринларни эгаллаганига қарамасдан, мамлакатда матбуот эркинлиги, оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солиш соҳасида ҳам бир қатор реформа амалга оширилди. Жумладан, оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш жараёни соддалашди. Бунинг натижасида республикада фаолият юритаётган оммавий ахборот воситаларининг сони 1893 тага етди. Шундан 638 таси ёки 33,7 фоизи интернет нашрлари — веб-сайтлар сифатида рўйхатдан ўтган.

Шунингдек, агар 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотлардаги ахборот хизматларининг манбалари — расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу рақам 2410 тага етди. «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тайёрланган таҳлилларда қайд этилганидек, мажбурий меҳнат, ҳокимиятнинг турли поғоналарида учраб тураётган коррупция ҳолатлари, давлат органлари томонидан йўл қўйилаётган қонун бузилиши каби нозик мавзулар очиқ ёритила бошланди.

Шунингдек, ОАВнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўровига жавоб қайтариш муддати 7 кунга қадар чекланди («Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун, 35-1-моддаси). Бу муддат «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги» қонуннинг 28-моддасига асосан бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати учун 15 кунни ташкил этади.

Ҳуқуқ ва мажбуриятлар, қонун бузилиш билан боғлиқ барча низоларнинг охирги нуқтаси судлар ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан судларда ОАВ иштирокини таъминлаш матбуот эркинлигининг зарурий кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.

Хўш, ушбу йўналишда қонунчиликка қандай ўзгартиришлар киритилди?

2021 йил 28 июлда янги таҳрирда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасида ОАВнинг судларда иштироки билан боғлиқ ҳуқуқлари мустаҳкамланди. Жумладан, очиқ суд мажлисларида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкинлиги белгиланди.

Шунингдек, 2020 йил 21 февралда суд муҳокамаси ошкоралигини, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқи амалга оширилиши масалаларини тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унда ОАВ вакилларининг очиқ суд мажлисида иш бўйича маълумотлар олиш мақсадида қатнашиши маълумот олишнинг қонуний йўли эканлигини инобатга олиб, уларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланди. Иш муҳокамасини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш тўғрисида суд асослантирилган ажрим чиқаради ва унда процесс иштирокчилари бўлмаган шахсларнинг, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлиси залига эркин киришига тўсқинлик қиладиган аниқ ҳолатлар кўрсатилиши талаби ўрнатилди.

Берилган ҳуқуқлар билан бригаликда оммавий ахборот воситаларига муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилмаслик ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга ҳаракат қилмаслик мажбурияти юкланди. Бироқ киритилган ўзгаришларга қарамай, ҳали-ҳануз ҳуқуқни қўллаш жараёнида тушунмовчилик, оммавий ахборот воситалари ҳуқуқларининг етарли даражада таъминланмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар учраб турибди.

Нималарни ўзгартириш керак?

Ўзбекистон матбуот эркинлиги сферасида ижобий имиджни шакллантириш учун олдинда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Бунинг учун нималар қилиш керак? Матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш учун маъмурий ҳамда жиноий-ҳуқуқий нуқтаи назардан қуйидаги таклифларни билдириш мумкин:

Журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилганлик, уларга босим ўтказганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланиши лозим. Ҳозирги кунда журналистика дунё миқёсида энг хавфли касблар рўйхатида олдинги ўнталикни якунлаб беради. Бироқ журналистика энг хавфли касблардан бири эканига қарамай, миллий қонунчилигимизда журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилганлик, уларга босим ўтказганлик учун алоҳида на маъмурий, на жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жиноий, маъмурий ишларни кўриб чиқиш жараёнларида журналистларга «процессуал иммунитет ҳуқуқи» берилиши керак. «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасида журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланиши белгиланган. Бироқ бу ўринда журналистлар учун ҳеч қандай махсус дахлсизлик ҳуқуқи мавжуд эмас. Чунки Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-моддасига асосан барчага шахсий дахлсизлик ҳуқуқи берилган.

Депутатлар, сенат аъзолари, прокуратура ходимлари сингари журналистларга ҳам жиноий ва маъмурий иш қўзғатилиши ҳамда тергов, суриштирув ҳаракатлари олиб борилишида иммунитет ҳуқуқи берилиши лозим. Жумладан, қонунчилик Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги розилигисиз журналистлар жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги норма билан тўлдирилиши лозим. Хусусан, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тўғрисида низомнинг 11-бандида агентликнинг асосий вазифаларидан бири этиб журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган.

Жиноят ва маъмурий жавобгарлик қонунчилигидан «ҳақорат» қонунлари (“Insult” Laws) чиқариб ташланиши ёки санкцияси минималлаштирилиши лозим. Жумладан, юқоридаги ўринларда кўрсатилган моддалар журналистларга босим ўтказиш, фаолиятига тўсқинлик қилиш воситаси сифатида фойдаланилиши мумкин. Бу эса матбуот эркинлигига нисбатан асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: