11:27 | 14.02.23

                       

АҚШ кейинги ҳафта Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилиши мумкин

Шунингдек, ҳозирда Оқ уй Украинага 10 миллиард долларлик бюджет ёрдамини маъқуллаш устида ҳам иш олиб бормоқда

Оқ уй Украинага 10 миллиард долларлик бюджет ёрдамини маъқуллаш устида иш олиб бормоқда. Шунингдек, АҚШ кейинги ҳафта Киевга ҳарбий ёрдам пакетини ва Москвага қарши янги санкцияларни эълон қилади. Бу ҳақда The Washington Post ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Фото: «ТАСС»

«Жо Байден администрацияси Конгресс билан Украинага навбатдаги 10 миллиард долларлик тўғридан-тўғри бюджет ёрдамини маъқуллаш устида ишламоқда. Администрация катта миқдордаги ҳарбий ёрдам пакетини кейинги ҳафта маълум қилиши кутилмоқда. Шунингдек, шу вақтда Кремлга қарши қўшимча санкциялар жорий этилгани эълон қилиниши мумкин», дейилади хабарда.

Байден адмистрациясининг айрим амалдорлари можаро чўзилиб кетган ва Украина учун «ҳал қилувчи он» етиб келган деб ҳисобламоқда. Шунингдек, нашрнинг таъкидлашича, республикачиларнинг Вакиллар палатасидаги ғалабасидан кейин парламентарийлар ўртасида Украинани қўллаб-қувватлаш масаласига оид фикрлар иккига бўлинган.

Россия томонидан Украинада ҳарбий операция бошланганидан кейин Ғарб давлатлари Москвага қарши санкциялар жорий этишни, шунингдек, Киевга ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатишни бошлади. Хусусан, АҚШ 2022 йилнинг ўзида Украинага 50 миллиард доллардан ортиқ ёрдам кўрсатди, унинг 20 миллиарди ҳарбий соҳага йўналтирилган.

Аввалроқ Исроил бош вазири Украинага «Темир қубба» тизими етказиб берилишини истисно этмаганди. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Нетаньяхунинг сўзларига муносабат билдириб, «қурол-яроғ етказиб беришга бўлган барча уринишлар, ҳатто ниятлар даражасида бўлса ҳам, инқирознинг кучайишига олиб келишини» айтган.

Январда АҚШ ҳукумати Украинага 2,2 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тайёрлаётгани маълум бўлганди. Унинг ичидан узоқ масофага мўлжалланган ракеталар ўрин олади. Гап Boeing ва Saab Group компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган GLSDB (Ground Launched Small Diameter Bomb) ракеталари ҳақида кетмоқда. Улар 150 километр узоқликка парвоз қила олади. Украина узоқ масофага мўлжалланган ракеталарга муҳтож ва Ғарб ҳамкорларига бундай қуроллар мамлакат ташқарисидаги нишонларга қарши қўлланилмаслигига кафолат беришга тайёрлигини билдирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: