14:11 | 14.12.23
Банк ушбу қарорида валюта бозори ва валюта курси омилларини инобатга олмагани айтилмоқда.
Марказий банк бошқарувининг 2023 йил 14 декабрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилинди. Банк матбуот хизмати эълон қилган релизга кўра, иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг секинлашиб боришига қарамасдан, ушбу тенденциянинг давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.
Юқори ялпи талаб шароитида инфляцияни 2025 йилда 5 фоизлик таргет даражасигача пасайтириш вазифаси нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини давом эттиришни тақозо этаётгани маълум қилинди.
Инфляция даражаси октябр-ноябрь ойларида пасайиб, йиллик 8,8 фоизни ташкил этган. Ушбу пасайиш ўтган йилги юқори база таъсири, импорт нархларининг оширувчи ҳиссасининг камайиши, юридик шахслар учун энергия тарифлари оширилиши таъсирининг ҳали тўлиқ юзага чиқмаганлиги ҳамда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг давом эттирилаётганлиги билан изоҳланади.
Прогнозларга кўра, 2024 йилда базавий прогноз шартлари доирасида инфляция даражаси 8-9 фоиз оралиғида шаклланиши кутилмоқда.
Базавий инфляция йил бошидан секинлашиш динамикасини кўрсатиб, ноябрда йиллик 9 фоизни ташкил этган бўлса-да, айрим товарлар бўйича оширувчи босимлар таъсири кузатилмоқда. Инфляциянинг барқарор пасайишига эришиш маълум бир муддатни талаб этади. Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари жорий инфляция кўрсаткичларидан юқори даражада, 13-14 фоиз атрофида шаклланишда давом этмоқда.
Глобал инфляцион жараёнлар яхшиланишининг секин кечаётганлиги ҳамда жаҳон иқтисодиёти ривожидаги кутилмаларнинг ва халқаро хомашё бозорларидаги нархларнинг юқори ўзгарувчанлиги келгуси чоракларда ҳам ташқи молиявий шароитлар, хусусан, ташқи ресурслар ҳисобига молиялаштириш шартларининг қатъийлигича қолиши борасидаги тахминларни кучайтирмоқда.
Иқтисодчи Отабек Бакиров ўз саҳифасида асосий ставканинг ўзгаришсиз қолганига муносабат билдириб, Марказий банк валюта бозори ва валюта курси омилларини яна эсламагани ҳақида ёзди.
«Асосий ставкани ўзгаришсиз, 14 фоиз даражасида сақлаб қолган Марказий банк бошқаруви ноаниқликлар сақланиб қолаётганига урғу бермоқда. Регулятор шунингдек, чақириқлар ким учун аталганини кўрсатмаган бўлса-да, бюджет тақчиллигини қисқаришидан ҳалиям умидини узмаган. Нархлар барқарорлигига эришиш учун иқтисодиётга бозор тамойилларини қўллаш кўламининг кенгайиши кераклигини такрорлашдан чарчамаяпти», – дейди Бакиров.
Унинг айтишича, Марказий банк валюта бозори ва валюта курси ўзгаришлари бўйича ҳеч қандай янги ишора бераётгани йўқ ва бундай ёндашув охирги иккита йиғилишдан буён давом этмоқда.
«Валюта бозори бўйича ишоралар августдан бери янгилангани йўқ. Ўшанда Марказий банкнинг баёноти ‘Реал самарали алмашув курси йил охиригача ва ўрта муддатли истиқболда нисбатан барқарор бўлади’ деган тезисларга асосланган эди», – дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк 16 та тижорат банкини жаримага тортганди. Улар кредитлар ва депозитлар тўғрисидаги маълумотларни яшириб келгани аниқланганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: