9:00 | 26.10.23

                       

Марказий банк 16 та тижорат банкини жаримага тортди

Улар кредитлар ва депозитлар тўғрисидаги маълумотларни яшириб келган.

Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати томонидан шу йилнинг август-сентябр ойларида тижорат банклари муассасаларида назорат тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Унда банклар томонидан таклиф этилаётган кредит ва омонатлар ҳақидаги ахборотлар истеъмолчиларга қонунчиликда белгиланган тартибда ошкор қилиниши ҳамда банк карталари орқали хизматлар кўрсатилиши тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги ҳолатлари аниқланган.

Ушбу ҳолатларга йўл қўйганлиги учун «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 57-моддасига мувофиқ, 21 та тижорат банкига нисбатан чора қўлланилган. Жумладан, 16 та тижорат банкидан жарималар ундирилган ҳамда 5 та тижорат банкига огоҳлантириш берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк устав капиталини талаб қилинган суммага етказмагани сабабли AVO bank’ка кредит бериш ва депозит операцияларини амалга оширишни тақиқлаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: