15:21 | 13.12.23

                       

Блогер Эмине Караманова 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Блогер жазо муддатини умумий тартибдаги колонияда ўтайди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди аппеляция судлов ҳайъатининг 13 декабр кунидаги суд мажлисида Эмине Караманова (Ленара Мираахмедова)га нисбатан қуйи инстанция судининг 7,5 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолдирилди. Бу ҳақда «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

47 ёшли блогер Ўзбекистон Жиноят кодексининг учта моддаси – 139 (туҳмат), 140 (ҳақорат) ва 165- (товламачилик) моддалари билан айбланган.

Тергов органи томонидан блогерга қўйилган ЖКнинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) айби унинг зиммасидан чиқариб ташланган.

Товламачилик эпизоди бўйича жабрланувчи Янгийўл тумани ҳокимлиги мутасаддиси ҳисобланади. Блогер жазо муддатини умумий тартибдаги колонияда ўтайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган блогер Фозилхўжа Орифхўжаев Навоий вилоятидаги колониядан «шартли равишда» озод қилинганди. Шунингдек, блогер Отабек Сатторий қамоқдан манзил колонияга чиқарилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: