21:48 | 25.09.23
Энергетика вазирлиги 2023-2024 йилги қиш мавсумида тизимда яна инқироз кузатилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларга жавоб берди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги кутилаётган қиш мавсумида энергетика тизимида инқироз кузатилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларга жавоб қайтарди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълумки, иқлим ўзгариши натижасида Ўзбекистонда ёз ойларида давомида жазирама иссиқ, қишда эса қаттиқ совуқ кунлар сони ортган. Жумладан, 2023 йилнинг аввалида мамлакат бўйлаб ноодатий совуқ ҳаво ҳарорати кузатилди. Бунинг ортидан эса энергетика тизимига юкламалар ҳаддан ташқари ортиб кетди ва натижада соҳа инфратузилмасига жиддий путур етди, трансформаторлар ва ўтказиш линиялари ёниб кетди, подстанциялар ишдан чиқди.
Қиш мавсуми якунлангач соҳада кенг кўламдаги модернизация ишлари ва кейинги қишга инфратузилмани тайёрлаш жараёни бошланди. Хусусан, 2023 йилнинг биринчи ярмида республика миқёсида 748 та трансформатор алмаштирилди, 7548 та трансформатор таъмирдан чиқарилди, 2 минг 940 километр ўтказиш линиялари янгиланди, 22 минг 112 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланди. 1257 та подстанция эса юқори технологик усулда қайта жиҳозланди
Хўш, бу йил қишда ҳам навбатдаги энергектик инқироз кутиладими? Вазирликка кўра, бу борада олдиндан бир нарса дейиш қийин. Чунки, жараён бир нечта объектив ҳамда субъектив ҳолатлар билан боғлиқ.
Аммо вазирликнинг кафолат беришича, қиш ўтган мавсумдагидек кузатилса ҳам, ҳозир кўрилаётган чоралар туфайли мамлакат аҳолиси январ ойидаги каби чуқур энергетик инқирозга дуч келмайди.
Шуни инобатга олиш керакки, Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли барқарор ўсиб бормоқда. Масалан, сўнгги 5 йилда аҳолининг электр истеъмоли ҳажми 150 фоиз (яъни ўртача 1,5 баравар) – 11 миллиард киловатт/соатдан 16 миллиард киловатт/соатга, иқтисодиёт тармоқларининг истеъмоли эса жами 12 фоиз – 38 миллиард киловатт/соатдан 43 миллиард киловатт/соатга ўсган.
Бугунги кунда республикада электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати соатига 18,1 гигаватт (18 миллион 100 минг киловатт) бўлгани ҳолда, амал унинг 16,2 гигаваттидан (соатига 16 миллион 200 минг киловатт) фойдаланилмоқда холос. Бунда иссиқлик электр станцияларининг мавжуд қуввати соатига 15,6 гигаваттни, электр энергияси ишлаб чиқариш учун фойдаланилаётгани эса соатига 13,8 гигаваттни ташкил этади.
Таъкидланишича, бу ҳолат анча эскириб қолган инфратузилмага ҳам юкламани кучайтирмоқда. Охирги қишдаги аномал совуқлар вақтида бу яққол юзага чиқди. Электр энергияси истеъмолининг кескин ортиши оқибатида вужудга келган каттагина юклама 3 мингдан зиёд трансформаторларнинг ишдан чиқиши ҳамда кўплаб подстанциялардаги жиддий муаммоларга сабаб бўлди.
Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун эса катта маблағ керак. Ҳисоб-китобларга кўра, электр тармоқларини янгилаш учун яқин 5 йилда 3,7 миллиард АҚШ доллари керак бўлади.
Нархларни шакллантириш жараёнига бозор механизмларини олиб кириш, тизимда эркин бозор қонуниятлари ишлашини йўлга қўйиш энергетика инфратузилмасини модернизация қилишга имкон беради. Натижада аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун шарт-шароит яратилади.
Давлат бу борада амалга ошираётган ишларга қўшимча молиявий дастакларни ишга тушириши учун энергетика соҳаси тўлиқ субсидияланиши ўрнига босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтиши керак.
Мазкур ислоҳот кўп сонли истеъмолчилар – аҳолида энергия манбасидан меъёрий даражада фойдаланиш малакаси шаклланишига ҳам хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазирлиги тизим нима учун зарар билан ишлаётганини очиқлаган эди. Шунингдек, вазирлик электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаби нима эканини ҳам маълум қилган.