19:40 | 17.09.23

                       

Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабабини маълум қилди

Вазирлик, шунингдек, «свет» қачон умуман ўчмайдиган бўлишини очиқлади.

Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг асосий сабабини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Bugun.uz

Қайд этилишича, бугунги кундаги узилишларнинг асосий сабаби тармоқларнинг ҳаддан ташқари эскиргани ҳисобланади. Статистикага кўра, мамлакатдаги мавжуд электр ускуналарининг 40 фоиздан ортиғи эскирган. Мисол учун, электр узатиш тармоқларининг 46 фоизи, подстанцияларнинг 51 фоизи, трансформатор пунктларининг эса 100 тадан 36 таси яроқлилик муддатини ўтаб бўлган. Айнан шу сабабли қаттиқ совуқ ва жазирама иссиқ вақтида, тармоқларга юклама ортганда тез-тез ток ўчиб қолади. Бу эса одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Тармоқларнинг эскиргани туфайли ишлаб чиқарилган электр энергиясини истеъмолчига етказиб беришда ҳам йўқотишлар кўп бўлмоқда. Агар ривожланган давлатларда бу миқдор 7-8 фоизни ташкил қилса, Ўзбекистонда 20-25 фоизгача етади.

Айтайлик, 2023 йилда 70 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Тармоқнинг эскиргани сабабли унинг 14-17,5 миллиард киловатт-соат ҳажмдагиси истеъмолчиларга етиб бормайди.

Йўқотилаётган мазкур 14 миллиард киловатт/соат электр энергияси эса бир ойда ўртача 200 киловатт/соат ток ёқадиган 5 миллион 833 мингдан ортиқ истеъмолчининг 1 йиллик истеъмолига тенгдир.

Бундан ташқари сўнгги йилларда мамлакатда қурилишлар сони ҳам ортди. Масалан, олдин 3-4 хонали уйда яшаганлар эндиликда икки ва уч қаватли 10-15 та хонали уйлар қурди. Ўша ҳудуд учун хизмат қиладиган трансформаторлар, электр симлари эса эскилигича қолди.

Бундан 30-40 йил олдин битта трансформатор ҳудуддаги уйларда ёқиладиган ўртача 3-4 мингта лампа, ҳар битта хонадон учун битта телевизор, битта чангюткич ва битта музлаткични ҳисобга олиб ўрнатилган.

Оқибатда бугун ўша трансформатор 10-15 мингта лампа, аксарият хонадонларда 3-4 та телевизор, 2-3 та музлаткич, 2-3 та кондиционер, компютер, микротўлқинли печ, ноутбук, 10 тагача мобил телефонлар, чангюткич, кир ювиш машинаси, идиш-товоқ ювадиган машина ва бошқа замонавий электр жиҳозларини ёқиш учун электр энергияси етказиб беришга мажбур бўляпти.

Бунга барҳам бериш учун эса тармоқда чуқур модернизациялаш ишларини олиб бориш лозим. Аммо бу жуда қийин иш. Чунки «свет» ўчишига тўлиқ барҳам бериш тизимли ва узоқ вақт талаб қиладиган жараён ҳисобланади.

Вазирлик режаларига кўра, 2030 йилга қадар катта кучланишни кўтара оладиган 9 минг 885 километр электр симлари ва умумий қуввати 37 минг 290 мегаватт/ампер бўлган 53 та подстанция қурилиши белгиланган.

Бу ишлаб чиқарилган электр энергиясининг атиги 5-6 фоиз йўқотиш билан истеъмолчига етиб боришини таъминлайди. Натижада бугун йўқотилаётган электр энергиясининг 11-14 миллиард киловатт/соати сақлаб қолинади. Бу эса бир ойда ўртача 200 киловатт/соат электр энергияси истеъмол қиладиган 4 миллион 583 мингдан зиёд истеъмолчининг бир йиллик электр сарфига тенгдир.

Шунингдек, жами узунлиги 6 минг 195 километрдан иборат 500 киловолтли ва 3 минг 690 километрли 220 киловолт қувватга мўлжалланган электр узатиш кабеллари ҳамда умумий қуввати 26 минг 640 мегаватт/ампер бўлган 22 та 500 киловолт ва умумий қуввати 10 минг 650 мегаватт/ампер бўлган 31 та 220 киловолт подстанция, умумий қуввати 2 минг 918 мегаватт бўлган энергия сақловчи (батарея) қурилмалари қурилади. Бунинг натижасида эса тармоқлардаги узилишларга тўлиқ барҳам берилади.

Таъкидланишича, юқоридаги ишларнинг амалга оширилиши орқали электр узатиш тармоқларининг узунлиги 90 фоиз оширилиб, умумий узунлиги 22 минг километрга, юқори қувватли подстанциялар сони 62 фоиз оширилиб, 138 тага етказилади.

Шу билан бирга, 2023-2030 йилларда республика ҳудудларида 0,4-110 киловолт кучланишли тақсимлаш электр тармоқларини янгилаш ҳамда модернизация қилиш дастури бўйича 109 минг 858 километр электр узатиш тармоқларини, 52 та 35-110 киловолт қувватга эга подстанцияларни ва 34 минг 908 та трансформатор пунктини янгилаш режалаштирилган.

Бу ишлар якунига етгач, республикадаги 7,4 миллион истеъмолчининг 3,5 миллиондан ортиғида электр таъминоти яхшиланади. Бошқача айтганда, келгуси 40 йил мобайнида уларнинг электр таъминотида ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, узилишларга барҳам беришнинг ягона йўли – бутун эскирган тизимни янгилаш ва модернизация қилиш. Бунинг учун эса соҳага қўшимча маблағ киритиш зарур, аҳолини энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга ўргатиш керак. Электр ва газ тарифларининг ўсиши, ўз навбатида, бир томондан, тизимни модернизация қилиш учун зарур бўлган маблағларни жалб этишга ёрдам берса, иккинчи томондан, аҳолини электр энергиясини тежашга ўргатиб боради.

Чунки энергиядан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмас экан, энергия манбаларини ишлаб чиқариш қанчалик кўпайтирилмасин, ортиб бораётган талабни қондириш мушкул вазифа бўлиб қолаверади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: