19:01 | 05.10.21

                       

Бугун оқшоми. Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ташрифи, «Пандора ҳужжатлари»нинг Гулнора Каримовага тегишли қисми

5 октябрнинг муҳим ва сара хабарларини битта дайжестга жойладик

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги дайжестни ноодатий статистика билан бошлаймиз: Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида 2020 йилда туғилган жами чақалоқларнинг 56,2 фоизини ўғил болалар ташкил қилади. Бу Ўзбекистондаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Ўзбекистонда ҳуқуқбузар жабрланувчи билан ярашса, жавобгарликдан озод этилиши мумкин бўлади. Президент 4 октябрь куни «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади. Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ярашилганлик муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш институти киритилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унга кўра, кодекснинг бир қатор моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин. Бунинг учун жабрланувчи (ёхуд унинг қонуний вакили) ярашув тўғрисидаги аризани суд қарор чиқаргунига қадар (суд муҳокамасининг исталган босқичида) бериши мумкин. 

«Пандора ҳужжатлари»нинг Гулнора Каримовага тегишли қисми эълон қилинди. У Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг «донори»дан 220 миллион доллар пора олган.

Бир нечта дунё раҳбари, сиёсатчи ва миллиардерларнинг махфий бойлик ҳамда молиявий ҳужжатлари фош этилган «Пандора ҳужжатлари» эълон қилинганди. Эндиликда Гулнора Каримова билан боғлиқ «Пандора ҳужжатлари» маълумотлари очиқланди.

Фото: «BBC»

Ушбу маълумотлар телекоммуникация соҳасидаги консультант Борис Жонсоннинг бош вазир бўлиш кампаниясини молиялаштирган консерваторлар партиясининг йирик донори Муҳаммад Амерси билан боғлиқ.

У 2010 йилда Швециянинг «Telia» компанияси маслаҳатчиси бўлиб ишлаган пайтида офшор ширкатига 220 миллион доллар тўлов ўтказиш жараёнида иштирок этган. АҚШ ҳукумати томонидан ушбу маблағ пора сифатида кўрсатилган. «Telia» ўша пайтда Ўзбекистондаги фаолияти учун янги рухсатнома олишга интилаётган бўлган.

Амерси адвокатларининг сўзларига кўра, офшор компания «Telia» томонидан тўлиқ текширилган ва тасдиқланган. Амерсининг ўзи лойиҳада атиги олти ҳафта ишлаган.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг собиқ проректори қидирувга берилди. У фирибгарликда айбланмоқда. ТДИУ собиқ проректори Нодир Идиев Фозилович фирибгарликда айбланиб, қидирувга берилгани айтилмоқда. «Bugun.uz» мухбири мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида университет матбуот хизмати билан боғланди.

Фото: Тошкент давлат иқтисодиёт университети матбуот хизмати

Маълум бўлишича, университет ходими Нодир Идиевнинг 2021 йил июль ойида меҳнат таътилига чиқиб кетганини ва шундан сўнг олийгоҳга келмаганини қайд этган.

Бухоро шаҳри жиноят қидирув бўлими бошлиғининг «Uznews.uz» мухбирига билдиришича, ТошДИУ собиқ проректори устидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми ва 209-модда (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилган.

Ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш учун жиноий жавобгарлик икки баравар кучайтирилди.

Адлия вазирлининг Telegram’даги каналида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун Президент томонидан имзолангани маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унга кўра, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Бундай ҳаракатлар:

  • базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан (13,5 миллион сўм) 100 бараваригача (27 миллион) жарима;
  • 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш (илгари 1 йилгача);
  • 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (илгари 1 йилгача).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳокимият вакилининг, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлик учун ҳам жавобгарлик чоралари кучайтирилиб, жарима миқдори оширилди.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унинг ташрифига оид асосий хабарлар қуйидаги пунктларда:

  • Тошкентда Туркманистон президентини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди;
  • Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов ҳамкорликнинг «йўл харитаси»ни тайёрлашга топшириқ берди;
  • Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида 23 та ҳужжат имзоланди;
  • Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари ўртасидаги музокаралар якунланди;
  • «Ўзбекистон–Туркманистон ҳамкорлигини ривожлантиришнинг барча йўналишлари муҳокама қилинди» — Шавкат Мирзиёев;
  • Шавкат Мирзиёев номидан Туркманистон президенти ташрифи шарафига қабул маросими ўтказилди;
  • Туркманистон президенти Ислом Каримов ҳайкалига гул қўйди ва ватанига қайтиб кетди.

Хўш, оламда нима гап?

Афғонистоннинг қўшни давлатлардан электр энергия бўйича 62 миллион доллар қарзи бор. Мамлакат уни қайтаришни ваъда қилиб, электрни ўчирмасликни сўради.

Фото: «The Guardian»

Афғонистоннинг «DABS» энергетика корпорацияси баёнотига кўра, мамлакатнинг электр энергияси бўйича қўшни давлатлардан қарзи қарийб 62 миллион долларни ташкил этади.

«Tolo News»нинг хабар беришича, корпорация электр энергиясини экспорт қилувчи қўшни давлатлар — Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эронга қарзини тўлашни ваъда қилиб, электр энергиясини ўчирмасликни сўраган.

Айтилишича, «DABS» қарзни тўлашга ёрдам бериш учун БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссиясига ҳам мурожаат қилган. Агар БМТ ёрдам бера олмаса, компания электр энергия пулини тўламаган афғонларга босим ўтказишга мажбур бўлади.

Бир неча соатлик мотам. Facebook тармоғида содир бўлган узилишлар сабаб Марк Цукербергнинг бойлиги деярли 7 миллиард долларга камайди.

Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси ва бош директори Марк Цукербергнинг бойлиги ушбу ижтимоий тармоқда юз берган бир неча соатлик глобал узилиш оқибатида деярли 7 миллиард долларга камайди

Фото: «Forbes»

Қайд этилишича, компания акциялари бир неча соат ичида 5 фоизга тушиб кетган. Cентябрь ойининг ўрталаридан бошлаб эса акция нархи умумий ҳисобда тахминан 15 фоизга пасайган.

Таъкидланишича, ҳозирда Цукербергнинг бойлиги 120,9 миллиард доллар бўлиб, «Bloomberg» маълумотларига кўра, у дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 5-ўринга, «Forbes» рейтингида эса 6-ўринга тушиб кетган.

Маълумотларга кўра, ушбу узилишлар вақтида 1,5 миллиард Facebook фойдаланувчисининг махфий маълумотлари (телефон рақам, электрон почта манзили, пластик карта маълумотлари) «DarkNet» сотувга чиқарилган.

Маълумот учун, «DarkNet» — шу каби «қора савдолар»ни амалга ошириш учун интернетнинг ўта махфий бир қисми. У ердаги фойдаланувчини топишнинг деярли имкони йўқ.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов Facebook’даги узилишларга атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: