19:20 | 23.08.21
Бугуннинг энг сара хабарларини ушбу дайжестга жойладик
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести. Мароқли мутолаа ва хайрли тун тилаймиз.
Президентнинг ҳафталик иш графиги маълум қилинди. У КХШТ саммитида Афғонистон масаласини муҳокама қилади. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг ҳафталик иш графиги билан таништирди. Унга кўра, Шавкат Мирзиёев бугун, 23 август куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида иштирок этади ва Афғонистон масаласини муҳокама қил(а)ди. Шуни қайд этиш керак, Ўзбекистон ушбу ташкилотга аъзо эмас.
Қайд этилишича, Президентнинг ҳафта давомидаги иш графиги қуйидагича:
«UzAutoMotors»га янги раҳбар тайинланди. Швециялик мутахассис аввал «АвтоВАЗ»да президент бўлиб, уни инқироздан олиб чиққан. «Ўзавтосаноат» Бу Андерссонни ўзининг энг йирик корхоналари — «UzAutoMotors» ва «UzAutoMotors Powertrain»ларнинг бош директори этиб тайинлади.
Қайд этилишича, Швеция Ҳарбий Академияси ҳамда Гарвард университетининг олий менежмент программаси битирувчиси, Стокгольм университетининг бизнес бошқаруви бакалаври Бу Андерссон автомобилсозлик соҳасидаги топ-менежер бўлиб, автомобилсозлик соҳасидаги фаолиятини 1987 йилдан Швециянинг «Saab Automobile AB» компаниясида бошлаган.
Бу 1993 йилдан 2009 йилгача харид йўналишида турли рахбар лавозимларни эгаллаган ва 2001–2009 йилларда «General Motors»нинг глобал харид бўлинмасига раҳбарлик қилган. 2009 йилдан 2013 йилгача «Группа ГАЗ» корхонасига президентлик қилган. Бу даврда Андерссон «Группа ГАЗ» бизнесини зарардан барқарор фойдага олиб чиқишга эришган.
У, шунингдек, 2014 йилдан 2016 йилгача «АвтоВАЗ» президенти этиб тайинланган. «Группа ГАЗ»да бўлгани каби Андерссон «АвтоВАЗ»да ҳам тўлиқ трансформацияни амалга оширган. У «АвтоВАЗ»ни тарк этгач, энг йирик автомобил бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган «Yazaki Europe, Africa, North & South America» корпорациясига 4 йил раҳбарлик қилган.
Маълумот учун, «UzAutoMotors» ва «UzAutoMotors Powertrain» компанияларига яримўтказгичлар танқислиги ва логистика муаммолари билан боғлик глобал инқирозларни энг кам йўқотиш билан енгишга ҳамда ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизациялашнинг янги йўналишини эгаллашга имкон беради.
Бундан ташқари, компания собиқ раҳбарининг «тақдири» ҳам маълум бўлди. Рустам Бахтиярович Ражабов 2021 йилнинг 23 августидан янги лавозимга тайинланиши муносабати билан «UzAutoMotors» АЖ бош директори лавозимидан озод этилди ва «Ўзавтосаноат» таркибидаги тижорат ускуналари ишлаб чиқарувчи корхоналар бошқаруви компанияси («Commercial Vehicles Management») директори этиб тайинланди.
«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов компаниянинг янги раҳбарига атаб карикатура чизди.
Юқори Чирчиқ ҳокимиятига тегишли машина 16 ёшли қизни уриб юборди. У шифохонага етиб бормасдан вафот этди. Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани ҳокимлигига тегишли машина ҳайдовчиси 20 август куни 16 ёшли қизни уриб юборди.
Маълум бўлишича, 27 ёшли ҳайдовчи У.А. «Captiva» автомобилида (давлат рақами 10 020 DAV) 2005 йилда туғилган қизни уриб юборган. Олинган жароҳатлар туфайли қиз касалхонага олиб кетилаётганда вафот этган. Қайд этилишича, автомашина туман ҳокимлигига тегишли бўлган.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Юқоричирчиқ туман ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб бормоқда.
Ўзбекистон Президенти сайловларида номзод сифатида қатнашаётган Алишер Қодировга овоз бериш учун мактаб ўқитувчиларидан мажбурий имзо йиғдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. У буни рад этди.
«Миллий тикланиш» партиясидан номзод Алишер Қодировнинг таъкидлашича, президентликка номзодларни қўллаб-қувватлаш учун имзо йиғишда мажбурлаш бўлмаслиги керак.
«Сизнинг имзонгиз ҳуқуқингиздир. Сизни мажбурлашларига йўл қўйманг. Юқоридаги ҳолат қайси тумандаги қайси мактабда содир бўлгани аниқланади ва тасдиқланса, ушбу имзо варақалари умумий рўйхатдан чиқариб ташланади. Имзо йиғиш жараёнида партиямиз фаоллари томонидан босимга учрасангиз, маълумотларни @alisherqodirov_bot манзилига маълум қилинг», — деб ёзди Қодиров.
Шунингдек, Қодиров халққа хизмат қилиш йўлида самимий ва фидойи тарафдорларга таянишини, очиқ ҳамда шаффоф рақобат тарафдори эканини қўшимча қилган.
Хўш, оламда нима гап?
«Толибон» ҳаракати Ашраф Ғанига амнистия таклиф қилди. Ҳаракатнинг юқори мартабали лидери Ҳалил ур Раҳмон Ҳаққонийнинг сўзларига кўра, агар улар мамлакатга қайтишни хоҳласа, «Толибон» ҳаракати бунга рухсат беради.
«Биз Ашраф Ғани, Амрулла Солиҳ ва Афғонистон президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Моҳибни кечирамиз. Биз генералимиздан бизга қарши жанг қилган оддий одамгача бўлган ҳамма одамларни кечирамиз», — деган Ҳаққоний ва Толибон»нинг бу уч нафар одам билан душманлиги дин асосида пайдо бўлганини айтган.
Афғонистонда толиблар эгалламаган битта вилоят қолди. Афғонистон миллий қаршилик раҳбари Аҳмад Масъуд ҳаракатга қарши охиригача курашмоқчи. Аҳмад Масъуд мамлакатдаги кескин вазиятни «Толибон» ҳаракати раҳбарларидан бири Амирхон Муттаки билан муҳокама қилди.
Маълум қилинишича, суҳбат бир кун олдин телефон орқали бўлган. Масъуд ўша пайтда Панжшерда, Амирхон Муттакий эса Кобулда бўлган.
Аниқлик киритилишича, «Толибон» ҳаракати раҳбари Масъуддан қуролларини ташлаб, музокара столига ўтиришни сўраган. Унинг сўзларига кўра, ҳаракат билан курашиш маъносиз, чунки уларни кучли давлатлар қўллаб-қувватлайди ва ҳаракатнинг ўзи замонавий ҳамда кучли ҳарбий техникага эга.
Ўз навбатида, Аҳмад Масъуднинг таъкидлашича, қаршилик кучлари ҳам яхши жиҳозланган ва, энг муҳими, улар «кучли жанговар руҳга эга».
«Биз Афғонистон эркин, мустақил бўлиши ва гуллаб-яшнашини қўллаб-қувватлаймиз, бунга мулоқот ҳамда ўзаро тушуниш орқали эришиш мумкин. Аммо агар гап куч ва уруш ҳақида кетадиган бўлса, сиз бизни биласиз. Мен отамнинг ўғлиман ва мамлакатни ҳимоя қилиш учун қўлимдан келганини қиламан», — деган кичик Масъуд.
Бугун оқшоми. «Бугун»да қолинг.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: