15:54 | 16.12.23

                       

Фарғонада «Шедевр» чойхонасидаги отишмага алоқадор шахс қўлга олинди

Қўқон шаҳридаги махсус тадбирларда содир этилган жиноятга алоқадор 9 нафар қидирувдаги шахслар, жумладан, «Шедевр» номли чойхонадаги жиноятга алоқаси бўлган шахс ушлангани маълум қилинди.

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида пробация ҳисобида туриб, жазо муддатини ўтамагани сабабли суд томонидан қидирув эълон қилинган яна 9 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти матбуот котиби Bugun.uz‘га маълумот берди.

Махсус тадбирларда Қўқон шаҳрида 2020 йил феврал ойида «Шедевр» номли чойхонада содир этилган жиноятга алоқадор 32 ёшли Фахриддин Акромов ҳам қўлга олинган.

«Шедевр» чойхонасида 2020 йил 5 февралдан 6 февралга ўтар кечаси ўқотар қуролларидан фойдаланилган ҳолда отишма содир этилганди. Уч кишининг ўқотар қуролдан яралангани бўйича иш юзасидан 55 киши қўлга олинганди. Ҳодисада ўқотар қуроллардан ташқари пичоқ, кастет ва бошқа совуқ қуроллардан ҳам фойдаланилган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди Қўқон шаҳридаги «Шедевр» чойхонасида содир бўлган ҳодиса юзасидан 35 нафар шахсга 3 йилдан 16 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоларини тайинлаган эди.

Шунингдек, тезкор тадбирларда Фахриддин Акромовдан ташқари Абдулазиз Боймуродов, Музаффар Бегматов, Умид Халилов, Абдулазиз Эркинов, Саидкамол Ғаниев, Лазиз Алимов қўлга олинган.

Бундан ташқари, муқаддам ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми «и» банди билан судланган 20 ёшли Суннатилло Камолов (суратда 2-чи) ҳамда 166-модда 2-қисми «в» банди билан судланган 19 ёшли Орифжон Аъзамжонов (суратда 7-чи) ҳам ушланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада махсус тадбирларда қўлга олинган ММА жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродовнинг озодликка чиқарилгани рад этилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: