16:10 | 10.10.21
Ҳафтанинг энг сара ва муҳим хабарларини ушбу дайжестга жойладик
Декабрнинг изғиринини олиб келган октябрнинг биринчи ҳафтаси ниҳоясига етмоқда. Келаси ҳафтада сизга иссиққина меҳр (ва уйингизга иссиқлик) тилаган ҳолда ўтган етти кунликнинг асосий воқеаларини эсга олишни бошлаймиз.
Дайжестни сиёсий хабарлардан бошлаймиз. Ўтган ҳафта Туркманистон президенти Ўзбекистонга келиб кетди. Бердимуҳамедовни давлат раҳбари кутиб олди.
Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 4 октябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Шавкат Мирзиёев кутиб олган.
Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Тошкентга расмий ташрифи доирасида қўшма тадбирлар, жумладан, Туркманистон–Ўзбекистон иқтисодий форуми ҳам ташкил этилди. Ушбу форумда маълум қилинишича, икки давлат ўртасида товар айланмаси 2021 йилнинг 8 ойи ичида 25 фоизга ўсган. Бироқ 2020 йилда Туркманистондан импорт қилиниши мумкин бўлган 600 миллион долларлик маҳсулотлар учинчи давлатлардан сотиб олинган. Худди шу вазият Туркманистон импортида ҳам кўринган.
Бундан ташқари, форумда транспорт-логистика, маиший техника, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамда «Turkmenistan motors» ва «Ўзавтосаноат» ўртасида (жами 23 та ҳужжат) шартномалар имзоланди. Энди Туркманистонда «UzAuto Motors» автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Тошкент вилоятида фаоллар ўзбек тили бўйича тарғибот ўтказди. Бу тармоқлардаги рус сегментида «шовқин» келтириб чиқарди. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида фаоллар томонидан ўзбек тили бўйича тарғибот ишлари ўтказилди.
Маънавият ва маърифат маркази Чирчиқ шаҳри бўлими томонидан ўзбек тилида сўзлашувчи аҳолининг муқобил сўзлардан тўғри ва ўринли фойдаланиши тарғиб қилинган. Хусусан, шаҳарда турли тилларда сўзлашувчи аҳоли вакиллари учун 21 октябрь — Ўзбек тили байрами кунига бағишлаб тарғибот воситалари тарқатилган.
Аммо айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари буни «рус тилидан воз кечтириш», «рус тилига беҳурматлик» сифатида тарғиб қилиб, провокация қилмоқчи бўлди. Туман ҳокимлиги вазиятга изоҳ берди.
Бу аҳоли орасида кундалик мулоқотларда кўп ишлатиладиган ўзлаштирма сўзларнинг ўзбек тилидаги муқобилини топиш ва ишлатишга кўмаклашиш мақсадида амалга оширилган.
«Шу маънода ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда бу ҳолатдан норозилик кайфиятини билдираётган фуқароларга тарқатилаётган материалларда ҳеч бир тилни камситиш каби бошқа мақсадлар йўқлигини, бу тилимиз софлигини бузаётган айрим ажнабий сўзларнинг давлат тилидаги муқобили борлигини эслатиш ва ундан фойдаланишга хайрли бир даъват эканини эслатамиз», дейилади изоҳда.
«Пандора ҳужжатлари»нинг Гулнора Каримовага тегишли қисми эълон қилинди. У Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг «донори»дан 220 миллион доллар пора олган.
Бир нечта дунё раҳбари, сиёсатчи ва миллиардерларнинг махфий бойлик ҳамда молиявий ҳужжатлари фош этилган «Пандора ҳужжатлари» эълон қилинганди. Эндиликда Гулнора Каримова билан боғлиқ «Пандора ҳужжатлари» маълумотлари очиқланди.
Ушбу маълумотлар телекоммуникация соҳасидаги консультант Борис Жонсоннинг бош вазир бўлиш кампаниясини молиялаштирган консерваторлар партиясининг йирик донори Муҳаммад Амерси билан боғлиқ.
У 2010 йилда Швециянинг «Telia» компанияси маслаҳатчиси бўлиб ишлаган пайтида офшор ширкатига 220 миллион доллар тўлов ўтказиш жараёнида иштирок этган. АҚШ ҳукумати томонидан ушбу маблағ пора сифатида кўрсатилган. «Telia» ўша пайтда Ўзбекистондаги фаолияти учун янги рухсатнома олишга интилаётган бўлган.
Амерси адвокатларининг сўзларига кўра, офшор компания «Telia» томонидан тўлиқ текширилган ва тасдиқланган. Амерсининг ўзи лойиҳада атиги олти ҳафта ишлаган.
Баъзи бензин турларининг нархи 8100 сўмдан ошди. Энергетика вазирлиги бунга сабаб қилиб чакана нархнинг давлат томонидан назорати бекор бўлганини келтирди.
Ўзбекистонда бензин сифатсиз экани ҳамда маҳсулотнинг нархи ошгани (хусусан, 1 литр АИ-91 бензини 8100 сўмга кўтарилгани) ҳақида хабарлар тарқалди. Энергетика вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Вазирликнинг муносабатига кўра, автомобиль бензинининг чакана нархини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинган ва маҳсулотларни нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан сотиш фақат биржа савдоси орқали амалга оширилиши белгиланган. Жумладан:
Мазкур автобензин нархини ҳукумат қарори билан белгилаш амалиётидан воз кечилган. Натижада соғлом рақобат муҳити шаклланган ва истеъмолчиларга мақбул нархда сифатли маҳсулотлар етказиб бериш йўлга қўйилган.
Ўзбекистонда 87 минг нафардан ортиқ бола «Pfizer/BioNTech» вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланди. 5 октябрь ҳолатига кўра, республикада 87 710 нафар 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган бола «Pfizer» вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланган.
Хоразмда мактаб директори ўқитувчи ва ўқувчиларга ғишт ташиттиргани айтилмоқда. Меҳнат вазирлиги вазиятни назоратга олди.
Меҳнат вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган «мактаб директори ўқитувчи ва ўқувчиларга ғишт ташиттирди» мазмунидаги хабарга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, бу ҳолат юзасидан Хоразм вилояти прокуратураси ҳамда Хоразм вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари бошланган. Вазирлик ўрганиш якунлари бўйича қўшимча маълумот тақдим этишини маълум қилган.
Аммо орадан 4 кун ўтди ҳамки, вазирликдан ҳеч қандай хабар йўқ. Балки кейинги ҳафта вазирликнинг муносабати билан бошаланар.
Абдулазиз Комилов Афғонистондаги ҳамкасби билан учрашди. Расмий Кобул томонидан қатъий тарзда Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳудудидан ҳеч қандай таҳдид бўлмаслиги маълум қилинган.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 7 октябрь куни Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий билан учрашди. Учрашувда Амирхон Муттақий Абдулазиз Комиловни қутлаб, Афғонистондаги вазият яқинда нормаллашишига ишонтирган. Афғонистон муваққат ҳукумати аъзолари Шавкат Мирзиёевга афғон халқининг орзу-интилишларига қаратаётган улкан эътибори, озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирган.
Маълум бўлишича, учрашувда Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдулсалом Ҳанафий, транспорт ва фуқаро авиацияси, умумий ишлар, энергетика ва сув ресурслари вазирлари ҳам иштирок этган. Томонлар мамлакатдаги мавжуд вазият, Афғонистон халқига гуманитар ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатлар, шунингдек, мамлакатда энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган.
Шунингдек, расмий Кобул қатъий тарзда Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳудудидан ҳеч қандай таҳдид бўлмаслигини маълум қилган.
Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонда масжид портлатилганини қоралади. Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги шиа масжидида 8 октябрь, жума куни портлаш содир бўлгани хабар қилинганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Унда айтилишича, Ўзбекистон бу каби террорчилик ҳаракатини кескин қоралайди ва бу Афғонистонда тинчлик келишувини ўрнатишга тўсқинлик қилади.
«Ўзбекистон шу йилнинг 8 октябрида Афғонистоннинг Қундуз шаҳрида жума намози пайтида кўплаб қурбонларни келтириб чиқарган террорчилик ҳаракатини кескин қоралайди. Бундай зўравон ҳаракатлар Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ва миллий келишувни ўрнатишга тўсқинлик қилади. Ўзбекистон ҳукумати ушбу ғайриинсоний ҳужумда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оиласига чуқур ҳамдардлик ва таъзия изҳор этади», дейилади муносабатда.
Тошкентда фуқаро бошқа бир фуқарони «қулоқ»ликда айблаб, самосуд қилди. Энди унинг ўзи суд қилинади.
Тошкент шаҳрида фуқаро қоидабузарликни тасвирга олган бошқа бир фуқарони «самосуд» қилгани акс этган видео тарқалди. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Видеода номаълум шахс бошқа бир кишини куч билан ушлаб туриб, тармоқ фойдаланувчиларига бу шахс йўл ҳаракати қоидабузарликларини тасвирга олиб, ички ишлар органларига жўнатиш билан шуғулланишини маълум қилган.
Видеодаги ҳолат юзасидан текширув ўтказилган. Аниқланишича, ҳолат 1 октябрь куни соат 17:00 атрофида Учтепа тумани Тошкент ҳалқа автомобиль йўлида — Ўрикзор бозори яқинида содир бўлган.
Қайд этилишича, ҳуқуқбузар 1996 йилда туғилган Х.Э. бўлиб чиққан. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси бўйича баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўрилиши учун судга юборилган.
Дубай шаҳзодаси, 7000 минг доллар турувчи йўрға тувалоқлар, Экология қўмитаси. Ўтган ҳафта қўмита том маънода «трендда» бўлди. Бунга Дубай шаҳзодасининг Ўзбекистонга келиб ноёб қушларни овлагани, уни ортидан қўмитанинг тушунарсиз изоҳи ва шаҳзода табиатга қўйиб юборган тувалоқлар сабаб бўлди. Ушбу вазият ҳақида батафсил маълумотни ушбу манзилда ўқишингиз мумкин (бу ерда эса шаҳзода қўйиб юборган тувалоқлар ҳақидаги хабар).
Ҳафта йўқотиши: Facebook тармоғида содир бўлган узилишлар сабаб Марк Цукербергнинг бойлиги деярли 7 миллиард долларга камайди.
Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси ва бош директори Марк Цукербергнинг бойлиги ушбу ижтимоий тармоқда юз берган бир неча соатлик глобал узилиш оқибатида деярли 7 миллиард долларга камайди.
Қайд этилишича, компания акциялари бир неча соат ичида 5 фоизга тушиб кетган. Cентябрь ойининг ўрталаридан бошлаб эса акция нархи умумий ҳисобда тахминан 15 фоизга пасайган.
Таъкидланишича, ҳозирда Цукербергнинг бойлиги 120,9 миллиард доллар бўлиб, «Bloomberg» маълумотларига кўра, у дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 5-ўринга, «Forbes» рейтингида эса 6-ўринга тушиб кетган.
Маълумотларга кўра, ушбу узилишлар вақтида 1,5 миллиард Facebook фойдаланувчисининг махфий маълумотлари (телефон рақам, электрон почта манзили, пластик карта маълумотлари) «DarkNet» сотувга чиқарилган.
Маълумот учун, «DarkNet» — шу каби «қора савдолар»ни амалга ошириш учун интернетнинг ўта махфий бир қисми. У ердаги фойдаланувчини топишнинг деярли имкони йўқ.
Шу билан ҳафталик дайжестни якунлаймиз. Сиз учун ҳафта давомида тўплаган муҳим ва сара хабарларимиз шулардан иборат эди. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: