9:24 | 28.10.23

                       

Хитой маданият ва туризм вазири Ху Хепин Ўзбекистонга келди

«Тошкент» халқаро аэропортида уни экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва маданият вазири Озод Назарбеков кутиб олди.

27 октябр куни Хитойнинг маданият ва туризм вазири Ху Хепин бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу ҳақда Экология матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Экология матбуот хизмати

Вазирни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистоннинг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов кутиб олган.

Ташрифдан мақсад Ўзбекистон вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан «Бир макон – бир йўл» ташаббусининг 10 йиллигига бағишланган қатор учрашувлар ўтказишдан иборат.

Фото: Экология матбуот хизмати

Шунингдек, ХХР маданият ва туризм вазири «Хитой маданияти кунлари» доирасидаги гала-концертда иштирок этиб, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги туризм масканларига ташриф буюради.

Маълумот учун, «Бир макон – бир йўл» ташаббусининг 10 йиллиги муносабати билан 28 октябр куни Ўзбекистон тарихи давлат музейида «Ўзбекистон ва Хитой табиат дурдоналари» Ўзбекистон-Хитой маданий алмашинув кўргазмаси очилади.

Фото: Экология матбуот хизмати

Шунингдек, ташриф доирасида Ху Хепин БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили ва экология вазири Азиз Абдуҳакимов билан уч томонлама учрашув ўтказади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик кейинги йилларда барча соҳаларда сезиларли даражада фаоллашган.

Хусусан, Хитойдан Ўзбекистонга чартер рейслари йўлга қўйилган, Ўзбекистон нуфузини Хитой оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилиш бўйича қатор ишлар амалга оширилган, қўшма тадбирлар ўтказилган ва муҳим ҳужжатлар ҳамда меморандумлар имзоланган.

Туризм соҳасидаги икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкамланиши натижасида 2023 йилнинг 8 ойи давомида Ўзбекистонга Хитойдан 21 мингдан ортиқ сайёҳ келган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: