20:01 | 20.12.23
Охирги 11 ойда содир бўлган кибержиноятларнинг 70 фоизи банк карталари билан боғлиқлиги эслатилди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев IT соҳасини ривожлантириш ва давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди. Давлат раҳбари йиғилишда 2023 йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида 5,5 мингта кибержиноят содир этилган бўлса, уларнинг 70 фоизи банк карталари билан боғлиқ фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлар эканлигини эслатиб ўтди.
Шунингдек, Президент бугунги кунда Ўзбекистонда мавжуд бўлган 50 га яқин тўлов тизимининг ҳаммаси ҳам киберхавфсизлик талабларига жавоб бермаслигини танқид остига олди. Шу боис, мутасадди вазирлик ва идораларга барча электрон тўлов тизимлари учун ягона киберхавфсизлик талабларини ишлаб чиқиш ва ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқ берилди.
Бундан ташқари, IT хизматлари ҳажмини 20 триллион сўмга, экспортни 800 миллион долларга етказиш, тармоқларда 130 та ахборот тизимини жорий қилиш ва 750 та давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш борасидаги режаларни ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.
Аввалроқ, Самарқандда кибержиноят содир этилиб, фуқаронинг банк картасига 15 миллион сўм кредит расмийлаштирилгани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон банкларининг бирида 57 миллиард сўм ўғирланганди ва Bugun.uz воқеа қандай содир бўлгани ва нима билан тугагани ҳақида мақола тайёрлаганди.