21:03 | 31.01.24
Олий суд суд раисини қамашга розилик берган.
Наманган вилоятида суд раиси пора билан ушланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, шу йилнинг 30 январ куни жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман судининг раиси Ш. С. ўзининг иш юритувидаги Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалари билан айбланган судланувчи О. С. га енгилроқ жазо тайинлаш эвазига, судланувчининг отаси В. С. дан 2000 АҚШ доллари олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланган.
Олий суд Пленумининг бугун, 31 январ куни ўтказилган мажлисида Бош прокурорнинг жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман судининг раиси Ш. С. ни Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноий жавобгарликка тортиш ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги тақдимномаси кўриб чиқилиб, розилик берилган.
Аввалроқ, ЖИБ Олмазор туман суди судяси вояга етмаган шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллашда хатоликка йўл қўйган бўлиши мумкинлиги ҳақда хабар берилганди. Bugun.uz ушбу ўсмирга қўлланилган эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан озод этилганини маълум қилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: