17:32 | 25.01.24

                       

ЖИБ Олмазор туман суди судяси 16 ёшли ўсмирга қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллашда хатоликка йўл қўйган бўлиши мумкин

Ушбу судя 2022 йилда масъулиятсизлиги ва йўл қўйган камчиликлари учун интизомий жавобгарликка тортилган.

Bugun.uz маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 21 январида вояга етмаган қашқадарёлик Н.К. ўзи ишлаб келган автомобиллар ювиш шохобчасида эгаси томонидан ювиш учун қолдириб кетилган Spark автомашинасини кўчага ҳайдаб чиққан ва уни аҳоли яшаш уйи деворига бориб уриши натижасида ЙТҲ содир бўлган. Шундан сўнг йигит 22 январ куни ушланиб, айбланувчи тариқасида ишга жалб қилинган.

24 январда эса ЖИБ Олмазор туман суди судьяси Ж. Нажимов томонидан туман прокурори илтимосномасига кўра, ушбу вояга етмаган шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиши тўғрисида ажрим чиқарилган.

Бунга асос қилиб Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги «Судга қадар иш юритиш босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида»ги қарори олингани кўрсатилган.

Бироқ, судланувчининг адвокати О. Жўрабоевнинг Bugun.uz’га маълум қилишича, ушбу қарорнинг 5-бандида ва Жиноят процессуал кодексинининг 558-моддаси биринчи қисмида «Вояга етмаган айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси, бошқа эҳтиёт чоралари айбланувчининг тегишли хулқ-атворда бўлишини таъминлай олмаган тақдирдагина қўлланиши мумкин»лиги белгиланган.

Адвокатга кўра, вояга етмаган шахсни қамоққа олиш тўғрисидаги Олмазор туман прокурорининг илтимосномаси ва суднинг ажрими жиноят процессуал қонунчилиги ҳамда Халқаро қонунчиликка ҳам зид ва ҳолатни Болалар омбудсмани назоратга олиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Қолаверса, таълим кредити олиб Тошкентдаги ОТМларининг бирида биринчи курсда тўлов шартнома асосида таҳсил олиб келаётган айбланувчи яшаш ва ўқиш жойидан ижобий тавсифланиб, улар ўз кафиллигига олишини билдирган.

Маълумот учун, ушбу ажримни чиқарган судя Ж. Нажимов 2022 йилда масъулиятсизлиги ва йўл қўйган камчиликлари учун интизомий жавобгарликка тортилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиноий ишлар бўйича Сергели тумани суди собиқ судясига жиноят иш қўзғатилгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: