22:45 | 26.01.24

                       

ЖИБ Олмазор туман суди судяси вояга етмаган шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллашда хатоликка йўл қўйган бўлиши мумкинлиги айтилганди

Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, ўсмирга қўлланилган эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан озод этилган.

Шу йилнинг 24 январ куни Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судяси Ж.Нажимов томонидан туман прокурорининг илтимосномасига асосан, вояга етмаган шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши ҳақида ажрим чиқарилган. Бунга асос қилиб Олий Суд Пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги «Судга қадар иш юритиш босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида»ги қарори олингани кўрсатилган.

Аммо судланувчининг адвокати О.Жўрабоев Bugun.uz’га ушбу қарорнинг 5-бандида ва Жиноят просессуал кодексинининг 558-моддаси биринчи қисмида «Вояга етмаган айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси, бошқа эҳтиёт чоралари айбланувчининг тегишли хулқ-атворда бўлишини таъминлай олмаган тақдирдагина қўлланиши мумкин»лиги ҳақида тартиб белгиланганлигини маълум қилганди. Шунингдек у, вояга етмаган шахсни қамоққа олиш тўғрисидаги Олмазор туман прокурорининг илтимосномаси ва суднинг ажрими жиноят процессуал қонунчилиги ҳамда Халқаро қонунчиликка ҳам зид ва ҳолатни Болалар омбудсмани назоратга олиши мақсадга мувофиқ бўлишини қўшимча қилганди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) ҳолат ўрганилаётганини билдирди. Тошкент шаҳар судлари эса ўзининг Тelegram’даги расмий саҳифасида бўлиб ўтган ҳолатга изоҳ берди.

Судланувчининг адвокати О. Жўрабоевнинг ЖИБ Олмазор туман суди чиқарган ажримга нисбатан киритган шикояти бугун, 26 январ Тошкент шаҳар ЖИБ судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилган ва айбланувчи Н. К. га нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан озод этилган. Бу ҳақда адвокат Bugun.uz’га маълум қилган.

Маълумот учун, 2024 йилнинг 21 январида вояга етмаган қашқадарёлик Н.К. ўзи ишлаб келган автомобиллар ювиш шохобчасида эгаси томонидан ювиш учун қолдириб кетилган Спарк автомашинасини кўчага ҳайдаб чиққан ва уни аҳоли яшаш уйи деворига бориб уриши натижасида ЙТҲ содир бўлган. Шундан сўнг йигит 22 январ куни ушланиб, айбланувчи тариқасида ишга жалб қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: