21:57 | 21.06.24

                       

Олмалиқда эркак ҳомиладор аёлга шаҳвоний шилқимлик қилди

Олмалиқда эркак ҳомиладор аёлга шаҳвоний шилқимлик қилди. Аёл бунинг ортидан соғлиги ёмонлашгани ва оиласи бузилиб кетиш арафасида бўлганини айтган.

Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳрида ҳомиладор аёлга шаҳвоний шилқимлик қилган эркак қамалди. Бу ҳақда Bugun.uz’га Олий суд матбуот котиби хабар берди.

Аниқланишича, Т.С. маст ҳолда 15 июнь куни соат 12:15 ларда жамоат жойида ўзига нотаниш бўлган Н.М.га тегажоқлик қилиб, унга шаҳвоний шилқимлик қилган. Ҳолат бўйича Н.М. ИИБ ходимларини чақирган. Олмалиқ шаҳар ИИБ профилактика инспекторлари қидирув давомида Т.С.ни маст ҳолда топиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш учун ИИБ хизмат хонасига таклиф қилган. Т.С. сабабсиз ИИБ ходимларини ҳақоратлаб, бақир-чақир қилиб, жанжал кўтарганлигини, ИИБ ходимларини ҳақорат қилишда давом этиб, уларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан фаол қаршилик кўрсатган.

Судда Т.С. айбига иқрор бўлган. Аммо нима сабабдан бундай қилганлигини эслай олмаслигини, қилган ишидан пушаймонлигини, ушбу ҳолат бошқа такрорланмаслигини айтиб, суддан енгиллик беришни сўраган.

Жабрланувчи Н.М бўлган воқеадан соғлиги ёмонлашиб, оиласи бузилишига олиб келишига оз қолганлигини баён қилиб, суддан ҳуқуқбузарга нисбатан қонуний чора кўришни сўради.

Суд, ҳуқуқбузар Т.С. муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган бўлсада, ўзига тўғри хулоса чиқармаганлигини, ҳомиладор аёлга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилганлигини инобатга олиб, унга нисбатан назарда тутилган маъмурий қамоқ жазоси тайинлашни лозим деб топади.

Унга нисбатан узил-кесил 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши, жами 765 000 сўм жарима ундирилиши белгиланди.