11:36 | 30.11.23
Қурбонлар орасида икки нафар ўзбекистонлик ҳам борлиги аниқланди.
Бугун, 30 ноябр куни эрта тонгда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги ётоқхоналардан бирида содир бўлган йирик ёнғин оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Олмаотадаги ёнғин содир бўлган вақтда ертўлада жойлашган ҳостелда 72 киши бўлган. Улардан 59 киши омон қолган. Ёнғинда тўрт нафар хорижлик (икки нафар ўзбекистонлик ва икки нафар Россия фуқароси) ва тўққиз нафар Қозоғистон фуқароси ҳалок бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин ертўла йўлагида содир бўлган. Ёнғин жойида терговчилар ва Олмаота Фавқулодда вазиятлар департаментининг ёнғин синов лабораторияси мутахассислари ишламоқда. Ушбу муассаса бир ой давомида ётоқхонага айлантирилган ва ҳостелнинг майдони 457 квадрат метрни ташкил этган.
Ётоқхонадаги ёнғин сабабларини ўрганиш учун Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазири Сирим Шарипхонов бошчилигидаги тезкор гуруҳи юборилган. Шунингдек, ёнғин юзасидан тегишли моддалар билан жиноий иш қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Сергели туманидаги омборхонада ёнғин содир бўлиб, уни ўчиришга қарийб саккиз соат вақт сарфланганди. Ёнғиндан жабрланганлар сони 163 нафарни ташкил этиб, уларнинг асосий қисмига аҳволи яхшилангани учун уйига жавоб берилганди. Аммо, ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган мактаб ўқувчиси ҳалок бўлганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: