15:11 | 14.06.24
Қирғизистон орқали Ўзбекистон ва Хитойни боғловчи темирйўл қурилиши қачон бошланиши маълум бўлди. Бунёд этиш жараёнида 11 та вокзал, 47 та кўприк, 5 та пиёдалар кўприги қурилади.
Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли қурилиши яқин ойларда бошланиши мумкин, Қирғизистон бош вазири Оқилбек Жапаровга таяниб Kloop хабар берди.
Маълумотларга кўра, Жўқорғи Кенешнинг 13 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишида республика ҳукумати раҳбари август ойида уч давлат раҳбарларининг учрашуви режалаштирилган. Ўшанда ишларнинг расмий бошланиши маросими бўлиб ўтади.
Жапаровнинг таъкидлашича, ўтган ҳафта Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон транспорт вазирлари линия лойиҳаси бўйича келишув имзолаган. Ҳужжат ҳамкорлик, жумладан, молиялаштиришнинг асосий тамойиллари ва механизмларини белгилайди.
«Ниҳоят, мамлакатимизни йирик савдо-ишлаб чиқариш марказига айлантирувчи лойиҳа амалга оширила бошланди», – деди Жапаров.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги раҳбари Илҳом Маҳкамов 6 июнь куни яқин келажакда давлатлар молиялаштириш шартларини белгилаб берувчи темирйўл бўйича концессия шартномасини тузишини маълум қилди. Унга кўра, тамал тошини октябр ойида қўйиш режалаштирилган.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам май ойида худди шундай муддатни белгилаган эди. Унинг таъкидлашича, бўлажак линия республика учун «дунёга дераза»га айланади.
Маълумот учун, лойиҳа хусусий инвестор иштирокида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида амалга оширилади. Бунёд этиш жараёнида 11 та вокзал, 47 та кўприк, 23 та темирйўл ва 8 та автомобиль йўл ўтказгичлари, 5 та пиёдалар кўприги, 16 та кузатув иншооти қурилади. Бунинг учун 500 минг донадан ортиқ шпал ва 36 тонна рельс харид қилиш режалаштирилган. Маҳаллий таркиб камида 85 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.