19:38 | 20.06.24

                       

Ўзбекистонда жами 20 та муҳандислик олийгоҳи қолади

Ўзбекистонда жами 20 та муҳандислик олийгоҳи қолади. Шунингдек, ҳар бир олийгоҳ ривожланган давлатлар университетлари билан ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистонда ҳар битта ҳудудда техника университети бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, 36 та муҳандислик олийгоҳи ва уларнинг филиаллари босқичма-босқич йириклашиб, жами 20 та олийгоҳ қолади. Ҳар бир ҳудудда камида 1 тадан техника университети бўлади. Ректорлар ҳамкорлик учун хорижий олийгоҳларни танлашда улар фаолиятига тўғри келишини таҳлил қилиб, шошма-шошарликсиз қарор қабул қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳар бир олийгоҳ Германия, Япония, Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Цингапур каби ривожланган ҳамкор давлатларнинг нуфузли техника университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, «тармоқ – корхона – олийгоҳ» занжири асосида ҳар бир олийгоҳга саноат ҳамкори белгилаб берилади. Барча муҳандислик олийгоҳлари ҳамкор корхоналарида кафедралар очади ва дуал таълимни йўлга қўяди.

Бунда корхоналар кафедраларни жиҳозлаш, ўқитувчи ва талабаларни рағбатлантиришга ҳар йили маблағ беришга тайёр. Талабаларнинг амалиёти ва битирув курсдаги таълими тўлиқ ҳамкор корхоналарда ташкил қилинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, тармоқ вазирлик ва корхоналар тизимида 32 та тармоқ кенгашлари тузилади. Улар олийгоҳлар билан техника соҳаларидаги илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини белгилайди ва буюртмачи бўлади.

Биринчи босқичда 10 та олийгоҳда «Олий муҳандислик мактаблари» очилади. Ушбу мактабларда икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилиб, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Биринчи йилда талабалар корхоналар буюртмаси асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштиради, илмий изланишлар ўтказади, бу борада чуқурлашган модул дастурлар асосида ўқитилади. Иккинчи йилда янги маҳсулотлар бўйича тажриба-конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнларни корхоналарда синовдан ўтказади.

Корхоналар «Олий муҳандислик мактаби»да лаборатория очиш ва жиҳозлаш учун маблағ йўналтирса, бу харажатлар корхонанинг фойда солиғи базасидан чегириб ташланади. Давлат ҳам буджетдан шунча маблағ ажратади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: