13:42 | 24.11.22

                       

Ўзбекистонда бошланғич синф ўқувчиларини бепул тушлик билан таъминлаш учун қўшимча маблағ ажратилади

Бу ҳақда молия вазири Қонунчлик палатаси ялпи сессиясида маълум қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи сессиясида молия вазири Тимур Ишметов «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси билан депутатларни таништирди.

Муҳокамада бюджет тақчиллиги 3 фоиздан 4 фоизга оширилиши маълум қилиниб, айрим биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимидаги тегишли вазирлик ва ташкилотлар рўйхати ва маблағ ҳажмини ҳам очиқланган. Жумладан, ХТВ вазирлигининг йил бошида тасдиқланган харажатларига қўшимча 922 миллиард сўм ажратилмоқда.

Бундан Қорақалпоғистон ва Хоразмда бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш учун — 106 миллиард сўм йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Аввалроқ «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш вазифаси жойига чиққан ҳолда ўрганганди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ХТВ мактабларда бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат бериш 11 ноябрдан бошланишини маълум қилганди. Жараёнлар ҳукуматнинг тегишли низоми бузилиши ортидан ғолиб деб топилган лотлар бекор қилиниши оқибатида кечиккани айтилган.

Шу билан бирга, сессияда мактаб ўқувчиларининг дарслик ижара харажатларини бюджетдан қоплаш учун — 400 миллиард сўм ажратилиши ҳам айтиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев сайловолди кампанияси пайтида Қорақалпоғистонда 2022 йилдан бошлаб 1–4-бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилишини маълум қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: