9:11 | 14.06.24

                       

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Қаюмова вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Қаюмова вафот этди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Қаюмова 70 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.

«Малика Қаюмова театр санъатида ўзига хос ўчмас из қолдирган ноёб истеъдод эгаси, ўз касбига садоқатли ва фидойи санъаткор сифатида қалбларимизда мангу яшайди», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, Малика Қаюмова 1954 йил Тошкент вилоятида туғилган. Маълумоти олий. 1976 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини битирган. Институтни битиргач, ўзбек драма театрида ўз фаолиятини бошлаган. 1993 йилдан бошлаб Муқимий номидаги мусиқали театрда фаолият кўрсатиб келган.

У ўз ижодий фаолияти давомида театрда саҳналаштирилган 30 дан ортиқ спектаклларда бош қаҳрамон ролларини ижро этган. Жумладан, «Тақдир»да амма, «Девона»да она, «Фотима ва Зуҳра»да она, «Алпомиш»да Кунтуғмиш, «Пари қишлоқ»да она, «Ўлдинг, азиз бўлдинг»да она, «Хонума»да Текле, «Тошкентнинг нозанин маликаси» да Хайри, «Суперқайнона-2» да Ҳожар, «Оёнам-қайнонам»да Қумри,  «Қизи борнинг-нози бор»да  қуда каби образлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланган.

У 2011 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони билан мукофотланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: