7:59 | 03.02.24

                       

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти нисбатан қиммат бозорларга йўналтирилиши режалаштирилмоқда

Мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган халқаро кўргазмаларда экспортчи корхоналар иштироки кенгайтирилиб, аниқ буюртмалар шакллантирилади. Фарғона, Самарқанд ва Тошкент халқаро аэропортлари ҳудудида мева-сабзавот маҳсулотларни экспорт қилишга қаратилган замонавий инфратузилмалар ташкил этилади.

Шавкат Мирзиёев мева-сабзавотчилик ва озиқ-овқат тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда маълум бўлишича, 6 мингта боғ, 3 мингдан зиёд токзор ва дала майдонлари, 344 та қадоқлаш корхонаси хорижий фитосанитария талабларига мувофиқлаштирилади. Юқори самарали энтомофаглар олиб келиниб, зараркунанда ҳашаротларга қарши янги турдаги биологик кураш йўлга қўйилади.

Халқаро ҳамкорликни кучайтириш орқали экспорт ҳажмлари нисбатан қиммат бозорларга йўналтирилади. Шунингдек, яна 8 та давлатга фитосанитар рухсат олинади. Мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган халқаро кўргазмаларда экспортчи корхоналар иштироки кенгайтирилиб, аниқ буюртмалар шакллантирилади. Фарғона, Самарқанд ва Тошкент халқаро аэропортлари ҳудудида мева-сабзавот маҳсулотларни экспорт қилишга қаратилган замонавий инфратузилмалар ташкил этилади.

Хориж тажрибаси асосида ўсимликлар ҳимояси ходимларининг малакаси оширилади. Халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ҳар бир маҳсулотни етиштириш, сақлаш, қадоқлаш ва етказиб бериш бўйича қўлланма ишлаб чиқилади. Давлат раҳбари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш бўйича қўшимча топшириқлар берди.

Йиғилишда, шунингдек, ҳудудлардаги стационар ва мобил лабораториялар орқали 1 миллион 40 минг гектар ернинг тупроқ таҳлили ўтказилиб, минерал ўғитларни қўллаш меъёри илмий асосда белгилаб берилгани маълум қилинди. Соҳада 7 та янги ахборот тизими жорий қилиниб, 40 та йўналиш рақамлаштирилган. Халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг 20 миллион долларга яқин грант маблағлари жалб этилиб, лаборатория ва ускуналар янгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: