21:25 | 02.02.24

                       

2024 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 3,5 млрд долларга етказилиши кутилмоқда

Шавкат Мирзиёев мева-сабзавотчилик ва озиқ-овқат тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни мева-сабзавотчилик ва озиқ-овқат тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

2023 йилда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги 4,1 фоиз ўсган. Бу соҳадаги экспорт қарийб 2 миллиард долларни ташкил этган. Лекин мавжуд салоҳият бундан анча юқори.

Шу боис давлат раҳбари 18 январь куни экспорт ва саноат масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида мева-сабзавотчиликка доир вазифаларни ҳам кўрсатиб ўтган эди. Хусусан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига янги салоҳиятли бозорлар топиш, экспортбоп маҳсулотлар экилишини ташкиллаштириш бўйича ҳам масъулият белгиланди.

Агентлик томонидан ўсимликларни зарарли унсурлардан ҳимоя қилиш, фитосанитар тоза маҳсулотлар етиштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда. Жумладан, ҳудудлардаги стационар ва мобил лабораториялар орқали 1 миллион 40 минг гектар ернинг тупроқ таҳлили ўтказилиб, минерал ўғитларни қўллаш меъёри илмий асосда белгилаб берилди. Соҳада 7 та янги ахборот тизими жорий қилиниб, 40 та йўналиш рақамлаштирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг 20 миллион долларга яқин грант маблағлари жалб этилиб, лаборатория ва ускуналар янгиланди. Дала ва боғларга кимёвий ишлов бериш, импорт ва экспорт маҳсулотларини экспертизадан ўтказиш изчил давом эттирилмоқда.

Бундай чора-тадбирлар мева-сабзавотларимиз сифати ва хавфсизлигида муҳим омил бўлмоқда. Сўнгги йилларда 80 та давлатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти учун 620 та фитосанитар рухсатлар олинди, улар билан электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди. «GSP+» тизими доирасида 200 минг гектар майдон халқаро талабларга мослаштирилди.

Йиғилишда жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди. Мутасаддилар соҳадаги ишлар кўламини кенгайтириб, бу йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 3,5 миллиард долларга етказиш мумкинлигини айтди.

Бунинг учун, аввало, мева-сабзавотлар, полиз экинлари, узум ва дуккакли маҳсулотлар етиштириш кўпайтирилади. Ҳудудларда яна 20 та мобил лаборатория ташкил этилиб, «uzagrolab.uz» электрон платформасига интеграция қилинади. Пестицидлар муомаласидаги барча жараёнлар рақамлаштирилиб, сифатсиз пестицидларнинг юртимизга олиб келиниши ва ноқонуний савдосига барҳам берилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: