21:52 | 02.02.22

                       

Ўзбекистонда талаба ва ўқувчиларга авиа ҳамда поезд чипталарида бериладиган имтиёз бўйича маълумот берилди

Аввалроқ ўқув жараёнлари анъанавий шаклга ўтказилиши маълум қилинганди

Ўзбекистонда 7 февралдан ўқув жараёнлари анъанавий шаклга ўтказилиши маълум қилинганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги авиа ҳамда поезд чипталарида бериладиган имтиёзлар бўйича маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, олий таълим муассасалари, академик лицей ва профессионал таълим муассасалари талабалари ҳамда ўқувчилари учун авиа ҳамда поезд чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши имтиёзи сақлаб қолинади.

«Бунда Транспорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таълим муассасалари талабалари ҳамда академик лицей ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари томонидан авиа ҳамда поезд чипталари харид қилинишини тартибли равишда талабалар ва уларнинг ота-оналари учун ташкил этади. Юқоридаги вазирлик ва идораларда доимий ишлайдиган штаблар фаолияти йўлга қўйилади. Умуман, ҳеч бир ўқувчи ва талаба чиптасиз қолмайди», дейилади хабарда.

Шунингдек, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, коронавирус инфекциясининг «омикрон» штамининг яширин даври қисқалигини инобатга олиб, коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор билан мулоқотда бўлган шахсларнинг карантин муддати 14 кундан 7 кунгача қисқартирилади.

Аввалроқ темир йўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирмалар сақлаб қолиниб, 2022 йил 24 февралга қадар авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда бошқа муддатга алмаштириб берилиши маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: