Мутахассис Шуҳрат Файзиев бу бўйича Bugun.uz'га маълумот берди
Марказий сайлов комиссияси эксперти, Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Шуҳрат Файзиев «Bugun.uz» мухбири билан суҳбатда Ўзбекистондаги сайлов қонунчилиги ҳақида батафсил маълумот берди.
Сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳияти
Таъкидланишича, Президент сайлови мамлакат ҳаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади. Чунки бу давлат раҳбари — Президентни сайлаш билан боғлиқ ўта масъулиятли жараён. Зеро, мамлакат келажаги, унинг янада тараққий топиши давлат раҳбари лавозимига энг муносиб номзодни сайлаш ҳамда бу жараёнда сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқдир. Президент сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни демократик тарзда очиқ ва ошкора ўтказиш билан боғлиқ масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайлови миллий сайлов амалиёти ва халқаро сайлов меъёрларига мос равишда қабул қилинган сайлов қонунчилиги асосида ўтказилади.
Президент сайлови тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари тизими
Маълум қилинишича, президентлик сайловига оид қонунчилик ҳужжатлари тизими қуйидагилардан иборат: Ўзбекистон Конституцияси (1992 йил 8 декабрь); Сайлов кодекси (2019 йил 25 июнь); «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонун (1996 йил 26 декабрь), «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонуни (2004 йил 30 апрель); Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари.
Таъкидланишича, Конституцияда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий асослари ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳуқуқий мақомига оид нормалар билан бир қаторда сайловга оид тамойил ҳамда қоида-талаблар ҳам мустаҳкамланган. Конституциянинг 23-боби «Сайлов тизими»га бағишланган бўлиб, мамлакат сайлов тизимига оид муҳим тамойил ва нормаларни белгилайди. Хусусан, Конституциянинг 117-моддасида Ўзбекистон фуқаролари сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига ва ҳар бир сайловчи бир овозга эга экани, шунингдек, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги кафолатланган.
Бундан ташқари, бу моддада сайлов ҳуқуқининг муҳим принциплари мустаҳкамланган бўлиб, сайлов жараёнларини халқаро сайлов стандартлари асосида очиқ-ошкора ва демократик тарзда ўтказишга имкон беради. Конституциянинг 117-моддасига кўра эса Президент сайлови, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Бу конституциявий норманинг аҳамияти шундаки, биринчидан, мамлакатда бўладиган сайловлар, шу жумладан, Президент сайловини ўтказиш муддатининг аниқ белгиланиши сайлов жараёни иштирокчиларининг муҳим сиёсий кампанияга тайёргарлик кўриши ва самарали иштироки учун муҳим ҳисобланади, иккинчидан, давлат органларининг даврий сайловлар асосида халқ томонидан шакллантирилишини таъминлашга хизмат қилади.
Сайловга оид қонунчилик ҳужжатлари тизимида Сайлов кодекси муҳим аҳамиятга эга. Кодекс лойиҳаси 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган. Кодекс лойиҳасини тайёрлаш давомида, биринчидан, миллий қонунчилик ва сайлов амалиёти таҳлил этилди, иккинчидан, 20 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг (Франция, Нидерландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Беларусь, Озарбайжон ва бошқалар) илғор тажрибаси ўрганилди, учинчидан, халқаро ташкилотларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ тавсиялари инобатга олинди.
Конституциянинг 117-моддасининг иккинчи қисмидаги «декабрь» деган сўз «октябрь» деган сўзга ўзгартирилди. Мазкур ўзгартишларни қабул қилишда қуйидаги миллий ва халқаро аҳамиятдаги омилларга таянилди:
сайловчиларнинг билдирган хоҳиш-истаклари;
сайлов комиссиялари аъзолари томонидан билдирилган таклифлар;
сайлов жараёни иштирокчилари учун қулай шароит яратиш зарурияти ва бошқалар.
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида 2004 йил 30 апрелда қабул қилинган «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш билан боғлиқ қуйидаги қоида-талаблар киритилди, унга кўра, сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинганидан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига белгиланган тартибда ўтказилади. Сайловда сиёсий партияларнинг иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган маблағлар сиёсий партия томонидан: ташвиқот олиб боришга; номзодларнинг ишончли вакиллари ва ташвиқот ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга; сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланиши керак. Мазкур норма орқали сиёсий партияларнинг сайловларда қатнашишини молиялаштириш ва тегишли маблағларни мақсадли сарфлаш масалалари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.
Шунингдек, мазкур қонун 16-моддасининг иккинчи қисми қуйидагича баён этилган: «Сиёсий партия ҳар йили қонунчиликда белгиланган муддатларда ҳамда тартибда молия органларига, давлат солиқ хизмати органларига, Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигига ҳисобот даврида олинган ҳамда сарфланган молиявий ва бошқа маблағлар тўғрисида молиявий ҳисобот тақдим этиши шарт. Сиёсий партия сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ўзига ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунида оралиқ ҳисоботни, сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин эса якуний ҳисоботни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади». Сиёсий партиялар молиявий ҳисоботларини тегишли органларга тақдим этиши ҳамда сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар маблағлари сарфланишининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Сайлов кодексининг 25-моддаси учинчи қисмига «Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно» деган янги норма киритилди. Бунинг аҳамияти шундаки, биринчидан, участка сайлов комиссиясида қабул қилинадиган қарорларини коллегиаллик асосда холис қабул қабул қилинишини таъминлайди, иккинчидан, участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Сайлов кодекси «27-1-модда. Чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритиш» номли янги модда билан тўлдирилди. Бу моддада қуйидаги масалаларнинг ҳуқуқий тартиби белгиланди: сайловчилар рўйхатини тузиш тартиби; чет давлатларда тузилган участка сайлов комиссиялари фуқароларни сайловчиларнинг рўйхати билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилиши; чет давлатлардаги фуқароларнинг сайловчилар рўйхатига киритиш учун сайловдан 15 кун олдин ўша жойдаги сайлов участкасига ёзма шаклда ёки электрон тарзда Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайти орқали мурожаат қилиши; чет давлатлардаги фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш масаласини ҳал қилиш; Ташқи ишлар вазирлигига сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотни тақдим этиш; Ташқи ишлар вазирлиги маълумотни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига «Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати»га тузатишлар учун тақдим этади. Шуни таъкидлаш лозимки, мазкур янги моддада белгиланган қоидалар чет давлатлардаги Ўзбекистон фуқароларининг бўлажак Президент сайловида қатнашиш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилади.
Сайлов кодексининг 32-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилиб, бунда Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар сони ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенларининг тайёрланиши ва етказиб берилишини таъминлаши билан боғлиқ масалаларнинг тартиби белгиланди.
Сайлов кодексининг 33-моддаси иккинчи қисмига киритилган янгиликлардан бири сифатида манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига ариза билан сайловдан камида ўн кун олдин ариза билан маълум қилиш муддати белгиланди. Илгари мазкур муддат ўн беш кунни ташкил этган. Бундан ташқари, кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин участка сайлов комиссиясини хабардор қилиши кераклиги белгиланди.
Сайлов кодексининг 42-моддасига киритилган янгиликларга асосан номзод сайловга қадар вафот этган, сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган ёхуд номзодликдан чақириб олинган тақдирда, нашр этилган сайлов бюллетенларидан ушбу номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр ўчирилади. Муддатидан олдин овоз бериш жараёнида бундай номзодни ёқлаб берилган овозлар участка сайлов комиссиялари томонидан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳақиқий эмас деб топилади. Бу тўлдиришнинг аҳамияти жуда муҳим бўлиб, унга кўра, мазкур ҳолатларда бюллетенларни қайтадан чоп этиш ва ортиқча сарф-харажатлар олди олинади.
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида Сайлов кодексининг 44-моддасига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг, Ўзбекистон Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг, сайлов комиссиялари аъзоларининг, диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланди. Мазкур қоида сайловолди ташвиқотининг тенг имкониятлар ва шаффофлик асосида ўтказилишига, сиёсий партияларнинг ўз имкониятларидан тенг фойдаланишларига замин яратади.
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида қонун билан Сайлов кодексидан сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланди. Яъни сайловолди ташвиқотини ташкил этиш ва ўтказиш бевосита сиёсий партияларнинг ихтиёрий иши бўлгани сабабли, сайлов комиссияларининг бу ишга аралашиши уларга хос бўлмаган вазифа ҳисобланади (48-моддасининг иккинчи қисмига киритилган ўзгартиш).
Сайловчининг чет давлатда турган жойида овоз бериш тартибини белгиловчи 56-1-модда киритилиб, ушбу норма билан қуйидагилар белгиланди: чет давлатлардаги сайловчиларнинг сайловда муддатидан олдин овоз беришни турган жойида ўтказиши мумкинлиги; турган жойида овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида сайловчилар ва кузатувчиларни ОАВ орқали хабардор қилиш; кўчма овоз бериш қутисини очиш, бюллетенларни санамасдан махсус қопга жойлаш, сурғучлаш ва далолатнома тузиш ҳамда сайлов куни саноқ бошлангунга қадар сақлаш.
Сайлов кодексининг 99-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилиб, бунда сайлов комиссияларининг аъзоларига сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланиши белгиланди. Шунингдек, сайлов комиссиясининг доимий иш жойига эга бўлмаган аъзоларига, шу жумладан, пенционерларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ иш ҳақи тўланади. Мазкур норма муҳим аҳамиятга эга бўлиб, биринчидан, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг меҳнатига ҳақ тўлаш орқали уларнинг фаолияти моддий жиҳатдан рағбатлантирилади, иккинчидан, бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш ва демократик тамойиллар асосида сайлов жараёнларини очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлашга хизмат қилади.
Баён қилинишича, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосида миллий сайлов тизими ва қонунчилиги тобора такомиллашиб бормоқда. Хусусан, 2021 йил 31 майда «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун мамлакатда ўтказилган сайловлар таҳлили ва ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялари бўйича ишлаб чиқилган. Қонун билан Сайлов кодексининг қатор моддаларига қуйидаги мазмундаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:
14-, 20-, 22-, 101- ва 102-моддаларида юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш чиқариб ташланди;
21-моддада Президент сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва саккиз–ўн саккиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади;
31-моддадан сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланди;
38-моддада сайловларда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда, идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлиги белгиланди;
48-моддада сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслиги каби нормалар белгиланди.
Шуҳрат Файзиевнинг таъкидлашича, сайлов қонунчилигига киритилган янгиликлар муҳим аҳамиятга эга бўлиб, биринчидан, сайловчилар, сайлов ташкилотчилари, сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари, маҳаллий ва халқаро кузатувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг сайловларда самарали иштирок этишини таъминлайди, иккинчидан, миллий сайлов қонунчиликни умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида янада такомиллаштиришга ва сайлов жараёнлари иштирокчиларининг сайловга оид ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади.
Аввалроқ Ўзбекистон партияларининг сайловолди дастурлари таҳлил қилинганди.