13:01 | 30.09.24
ЎзЛиДеП ҳар бир вилоятда ёшлар ижтимоий-иқтисодий марказлари ташкил этиш ғоясини илгари сурмоқда.
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловолди ташвиқоти тадбирлари доирасида Бухоро давлат университетида партиядан кўрсатилган номзодлар иштирокида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.
Келтирилишича, унда Партия етакчиси Актам Хаитов, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгаш депутатлигига номзодлар, университетнинг профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар иштирок этди.
Эътиборлиси, партия сайловолди дастурида ёшларни ҳунар ва замонавий касбларга, хорижий тилларга ўқитиш, маънавиятини, маърифатини юксалтириш, китобхонлигини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда “IT” соҳаси ва спортга кенг жалб этиш борасида пухта ишланган режаларини амалга ошириш, ёшлар бандлиги ва ишбилармонлигини фаол қўллаб-қувватлаш, хусусан, ишсиз ёшларни замонавий касбларга ўқитиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш сингари долзарб масалалар кенг ўрин олган. Бу эса ҳеч шубҳасиз, ёш авлоднинг жамиятимизда тутган ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш амалиётининг айнан корхоналар буюртмаси асосида жорий этилиши ҳам сайловолди дастурда ўз ифодасини топган. Шунингдек, мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида камида 100 гектар майдонда “Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази”ни ташкил этиш ҳам партия зиммасидаги муҳим вазифа бўлиб ҳисобланади. Бундан ташқари ёш авлодни тадбиркорликка жалб қилиш учун жойлардаги микромолиялаш хизматларини кенгайтириш ва тегишли асбоб-ускуналардан кенг фойдаланиш учун зарур имкониятларни яратишга ҳам партия ўз диққат эътиборини қаратади.
Ўз бизнесини ижарага олинган бинода бошлаётган ёшларга бир йиллик ижара харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш вазифаси ҳам сайловолди дастурида аниқ-равшан белгилаб берилган.
Депутатликка номзодлар шулар ҳақида сўз юритар эканлар, бухоролик ёшлар ҳам бу имкониятлардан келгусида унумли фойдаланишлари мумкинлигини, ЎзЛиДеПнинг сайловолди дастурида акс эттирилган устувор вазифалар ижроси мустақил ҳаёт остонасида турган йигит-қизлар учун ҳақиқий дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.
Ёшлар билан ўтказилган мулоқотда сўз олган ЎзЛиДеП раҳбари Актам Хаитов барчани партия ва унинг номзодлари учун якдиллик билан овоз беришга чақирди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: