19:25 | 29.08.24

                       

Президент Республика онкология марказининг янги мажмуаси билан танишди

Президент 650 та стационар ва 80 та кундузги ўринга эга Республика онкология марказининг янги мажмуаси билан танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни Республика онкология марказининг янги мажмуаси билан танишди.

Қайд қилинишича, мажмуа 9 та бинодан иборат бўлиб, асосий бинолар 8 қаватли. 1-қаватда поликлиника ва ташхис ускуналари, 2-қаватда лаборатория, стационар, реанимация ва жарроҳлик хоналари, юқори қаватларда палаталар жойлашган. Ерости қисмида радиотерапия, ядро тиббиёти бўлими, хўжалик хоналари бор.

Аввалги шифохона 370 ўринли эди. Янги марказда 650 та стационар ва 80 та кундузги ўрин ташкил этилди. Шунингдек, бир кунда 500 нафар бемор амбулатор шароитда даволаниши мумкин.

Давлат раҳбари марказдаги қулайлик ва имкониятлар билан танишди.

«Биз таълим ва тиббиётга алоҳида эътибор бераяпмиз. Чунки одамлар билимли бўлиб, соғлом бўлса, ўз йўлини топади. Бу марказ ҳам шундай ишлардан бири. Бу лойиҳага 1,2 триллион сўм ажратиб, «нолдан» қурдик. Барча онкология шифохоналарини жиҳозлашга 80 миллион доллар йўналтирилди. Энди асосий вазифа – ходимларни ўқитиб олиш, самарали бошқарувни йўлга қўйиш», – деди Шавкат Мирзиёев.

Марказда Европа ва АҚШ стандартлари асосида ташкил этилган 17 та янги клиник бўлим, 18 та жарроҳлик хонаси, 42 та реанимация ва интенсив терапия хоналари ташкил этилган. Улар жаҳон тиббиётида қўлланилаётган энг сўнгги техникалар билан жиҳозланди. Бундай замонавий техникаларни ишлатиш учун юзга яқин мутахассис 8 та хорижий давлатда малака ошириб қайтди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: