11:19 | 13.09.24
Бош консулхона «Яги» тўфони оқибатида Ўзбекистон фуқаролари вафот этгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, тошқинда сув сатҳи 1 метрга етди ва у жуда кучли оқимни юзага келтирди.
Кучли ёмғир ва ундан кейинги сув тошқини Таиланд шимолида иккита кўчкига сабаб бўлди. Кўчки оқибатида 6 киши ҳалок бўлди ва 9000 га яқин хонадон селдан жабр кўрди.
Таиланд ваколатли идоралари томонидан сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудларда, хусусан, Таиланд-Мянма чегарасидаги Сай дарёси яқинида аҳолига эҳтимолий эвакуацияга тайёргарлик кўриш тавсия қилинган.
Таиланднинг табиий офат кузатилган ҳудудларида яшовчи ва меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқаролари ва уларнинг оила аъзолари орасидан сув тошқини ва кўчки натижасида жабр кўрганлар аниқланмади.
Маълумот учун, Вьетнамнинг шимолий провинциялари сўнгги йиллардаги энг даҳшатли офатлардан бири — «Яги» тўфони кўплаб қурбонлар ва вайронагарчиликларга сабаб бўлди.
Узоқ давом этган ёмғир оқибатида юзага келган кучли сув тошқини 199 кишини ҳаётдан олиб кетди. Бу ҳақда Вьетнам ахборот агентлиги маълум қилди.
«Яги» тўфони Таиланд ва Мянмага етиб келиши натижасида ҳар икки давлатнинг шимолий штатларида сўнгги 80 йил ичидаги энг кучли сув тошқинлари кузатилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: