22:04 | 13.09.24
«Омонқўтон»да табиатга 1 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилди.
Самарқанддаги «Омонқўтон» миллий табиат боғига ноқонуний кирган 5 киши дарахтлар ва ўсимликларга зарар етказгани ҳақида хабар берилганди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг маълум қилишича, ҳолат тезкор ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди.
Натижада қонунбузарлар томонидан боғ ҳудудида техникалар ёрдамида текислаш, ковлаш ишлари олиб борилганлиги ва «Омонқўтон» миллий табиат боғига тегишли бўлган 869 м/кв майдонда «Тахти Қорача» довони билан боғловчи йўл ҳосил қилинганлиги маълум бўлди. Бунинг оқибатида йўлда мавжуд бўлган 7 турдаги жами 64 туп дарахт ва буталарга зарар етказилган.
Шундан 27 туп дарахт ва буталар таг қисмидан кесилган ёки қўпориб олинган, қолган 37 туп дарахт ва буталар эса ўсмайдиган даражада шикастланган. Ўсимлик дунёсига 67 млн 726 минг сўм миқдорда зарар етказилган.
Бундан ташқари, ҳудудда олиб борилган йўл солиш ишлари натижасида жами 2296 м/кв ер майдонида мавжуд «Қизил китоб»га киритилган, камёб, камайиб бораётган ва ноёб тур ҳисобланган 12 турдаги 2 минг 591 туп ўсимлик пайҳон қилиниб, табиатга 1 млрд 48 млн сўм миқдорида зарар етказилган. Умумий ҳисобда табиатга етказилган зарар миқдори 1 млрд 115 млн сўмни ташкил этмоқда.
Иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: